Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Матбуот ҳафталиги” ярмаркаси ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг қўллаб-қувватлаши билан ярмаркани ташкил этишдан асосий мақсад аҳолини республикада чоп этилаётган газета-журналлар билан таништириш, уларнинг обунасини қўллаб-қувватлашдир.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, кундалик воқеаларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликга етказишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, газета-журналларнинг ўрни беқиёсдир. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 34 та газета ҳамда 5 та журнал рўйхатга олинган. Уларнинг ҳар бири ўз муштарийларига эга.
Аммо сўнгги йилларда газета-журналлар обуначилари сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Шунинг ҳисобидан таҳририятлар босмахона харажатлари, обуна, моддий қўллаб-қувватлаш ва бошқа жиҳатлар билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келинмоқда.
–Бугунги кунда матбуот нафақат халқимизга ахборот етказувчи, балки маънавият ва маърифат улашувчи энг таъсирчан воситадир, – дейди “Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Назира Матяқубова. – Унинг жамиятдаги ана шундай катта ўрни ва ролини инобатга олган ҳолда ташкил этилаётган “Матбуот ҳафталиги” кўпчиликда қизиқиш уйғотди десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, куни кеча Президентимиз томонидан зиёлилар, маданият ва санъат вакиллари билан ўтказилган видоселектор йиғилишида ҳам бу масалага эътибор қаратилгани ҳафталикнинг аҳамиятини янада оширади.
Фуқароларимиз келиб ўз ихтиёри билан газета-журналларга обуна бўлаётгани бизга катта мамнуният бахш этади, албатта. Ярмаркага ташриф буюрувчилар чоп этилаётган газета-журналларнинг янги сонлари билан танишиши, шу ернинг ўзида обуна расмийлаштириши учун имконият яратилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари