Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг – “Ёш етакчи” лойиҳаси доирасида 2023-2024 ўқув йили учун Президент ва номдор давлат стипендиялари ғолиблари билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ходимлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, Президент ва номдор давлат стипендиялари ғолиблари ва фаол ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қобилиятли ёшларни рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, уларни фаол яратувчилик фаолиятига кенг жалб этиш, иқтидорли ўқувчиларни, талабалар ва таянч докторантларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент ва номдор давлат стипендияларининг таъсис этилиши, ҳар бир ўқув йилида муносиб ёшларнинг тақдирланиши бунинг яққол исботидир.
Лойиҳа доирасида ташкил этилган учрашувда фаол ёшлар билан мулоқот қилинди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди.
Учрашув якунида 2023-2024 ўқув йили учун Президент ва номдор давлат стипендиялари ғолиблари партия сафига қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири