Республика бўйлаб ўтказилаётган “Ёшлар форуми” доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Директор ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Тадбирда филиал директори Адилбай Есимбетов ёшларга оид масалалар ҳар доим диққат марказида эканлиги, уларга замон талаби асосида сифатли таълим ва керакли шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу ижобий натижа бераётганлигини алоҳида эътироф этди.

Бугунги кунда ёшларнинг баркамол авлод бўлиб камолга етиши,  уларнинг беғубор орзу-умидларини рўёбга чиқариш ва сифатли таълим олиши каби масалаларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, зарур шарт-шароитлар яратиб келинмоқда.

– Бугунги суҳбатда мен директор эмас, оддий тингловчи бўламан, сизни қийнаётган ҳар қандай муаммо менинг ҳам муаммом, сизнинг ташвишингиз мени икки баравар ўйлантиради, сизнинг кайфиятингиз яхши бўлса, менинг кўнглим хотиржам. Сизлар бор эътиборингизни фақат таълим олишга йўналтиринг, кучингизни эса билим олишга сарфланг, ана шунда ижобий натижаларга эришасиз, – деди А.Есимбетов.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг  ёшлар сиёсати бўйича  маслаҳатчиси, таълим соҳасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Алишер Сафаров сўзга чиқиб, яқиндагина Президент ҳамда номдор давлат стипендиялари ғолиблари бўлган 4 нафар талабани алоҳида эътироф этиб, самимий қутлади ва уларга фахрий ёрлиқлар топширди.

“Директор ва ёшлар” учрашуви давомида филиал талабаларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди, муаммо ва таклифлар ўрганилди. Улар томонидан хорижий давлатлардаги етакчи олий ўқув юртларида академик алмашинуви доирасида ўқишни йўлга қўйиш таклифи билдирилди ва бу учун филиалда мавжуд бўлган имкониятлар кенг тушунтириб ўтилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири