Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали талабаларига Қирғиз Республикаси Ўш давлат университетининг профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Абдуғани Абдурасулов дарс бермоқда.

Филиал директори билан бўлган самимий мулоқот давомида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш, келгусида академик алмашинуви доирасида алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ҳар икки томоннинг илмий салоҳиятини ошириш, халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди. Шунингдек, филиалнинг илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи А.Мамбетназаровга Ўш давлат университети талаба-ёшларига онлайн маъруза машғулотларини олиб борганлиги учун олий ўқув юрти ректори номидан сертификат топширилди.

Қирғизистонлик профессор филиалнинг “Зооинженерия” йўналишида таҳсил олаётган талаба-ёшларига зоогигиена ва чорвачилик иншоотларини лойиҳалаштириш ва чорвачилик йўналишида ҳафта мобайнида 24 соат дарс машғулотини олиб боради.

–Нукус шаҳрига илк марта ташриф буюришим, қорақалпоқ биродарларнинг самимияти ва меҳмондўстлиги менда илиқ таассурот уйғотмоқда, – дейди А.Абдурасулов. – Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги нафақат иқтисодий фаолият тури, балки аҳолининг салмоқли қисми учун турмуш тарзи ҳисобланади. Бу ерга келиб Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Қорақалпоғистонда ҳам чорвачилик соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур соҳада таълим олаётган талабаларга етук билимлар берилаётганига гувоҳ бўлдим. Талаба-ёшлар профессор томонидан олиб борилаётган маърузалар давомида ўз мутахассисликлари бўйича назарий билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, Қирғизистоннинг чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқлари, соҳанинг бугунги ҳолати ва олиб борилаётган ислоҳотлар бўйича атрофлича маълумотларга эга бўлмоқда.

Филиал ва хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномалари мана шу тарзда ўз самарасини бермоқда. Бундан аввал филиалга Қозоғистон Республикасининг “QS World University Rankings” 500 талигига кирадиган Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университетининг профессорлари келиб, улар томонидан маърузалар ташкил этилган эди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири