Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Наврўз Айтмуратовнинг “Сайл” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Кӯргазма рассомнинг сўнгги йилларда яратган ижодий ишларини санъат ихлосмандларига таништириш, мамлакатимизда замонавий рассомлик ривожига кенг йўл очиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Наврўз Айтмуратов 1990 йил 13 июнда Нукус шаҳрида туғилган. 2003-2006 йилларда санъат лицей-интернати, 2006-2009 йилларда Нукус маданият ва санъат коллежида рассомлик сирларини ўрганди. 2009-2014 йилларда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида меъморчилик мутахассислигида таҳсил олади. Н.Айтмуратов сўнгги йилларда ўтказилган бир қатор маҳаллий ва хорижий кўргазмаларнинг мунтазам иштирокчиси ҳисобланади. Жумладан, 2018 йил Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида бўлиб ўтган қорақалпоқ рассомларининг “108-бурилиш”, 2022 йил Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида бўлиб ўтган қорақалпоқ рассомларининг “Менинг она диёрим – менинг Қорақалпоғистоним”, 2022 йил Мўйноқ туманида “Стихия” халқаро электрон мусиқа фестивали доирасида ўтказилган “Биз Оролмиз”, 2022 йил Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида IХ Тошкент халқаро Биенналеси доирасида ўтказилган “Локамация”, 2023 йил Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазма саройида “Мулоқот” халқаро замонавий санъат лойиҳаси доирасида ўтказилган “Маъноларнинг кўчиши” халқаро кўргазмаларида иштирок этди.
Кўргазма жорий йилнинг 27 декабрига қадар давом этади. Унда рассомнинг замонавий тасвирий санъат тури экспрессионизм ва неоэкспрессионизм йўналишлари таъсирида яратилган 44 та ижодий иши намойиш этилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев, ЎзА