Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан телефон орқали мулоқотда уни Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий қутлади.

Сайловчиларнинг фаол иштироки ва овоз бериш натижалари дўст Миср халқи амалдаги давлат раҳбарининг сиёсати ва ислоҳотлар дастурини кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолат экани қайд этилди.

Ўзбекистон-Миср кенг кўламли шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йил февраль ойида Қоҳирага олий даражали ташриф давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот ва алмашинувлар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги, геология, сув таъминоти, транспорт, логистика, кимё саноати ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланди.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш келишиб олинди.

Халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.