Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли яшаш шароитлари, қишга тайёргарлик ва ободончилик ишларини кўриш мақсадида 12 декабрь куни Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда бўлди.
Дастлаб «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Учтепа туманидаги иссиқлик маркази бориб кўрилди. Давлатимиз раҳбари бундан роппа-роса бир йил олдин бу ерга келганида аҳвол жуда аянчли эди. Бу марказ 1969 йилда қурилган, шундан буён капитал таъмирланмаган. Қозонхона ҳам, тармоқлар ҳам эскирган эди. Ўтган қишда ҳаво кескин совиган пайтларда иссиқлик ишлаб чиқариш муаммо бўлганди. Шу боис Президентимиз тармоқларни таъмирлаш ва барқарорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Бу галги ташриф чоғида мутасаддилар шу ҳақда ахборот берди. Берилган топшириқлар тўла амалга оширилган. Мажмуа қозонхонаси жами 700 Гкал қувватга эга, мингдан ортиқ кўп қаватли уй ва 400 дан зиёд ижтимоий муассасаларга иссиқлик етказиб беради.
Жорий йилда мазут хўжалиги ва сиғимлари қурилиб, қозонларнинг иккитаси аралаш шаклда – газ ва мазутда ишлашга мослаштирилган. Булар натижасида қозонхона ва тармоқ совуқ ҳароратда ҳам барқарор ишлайди. Бундай пайтларда захираланган мазутдан ишлатилади. Қувурлар изоляцияси мустаҳкамлангани учун иссиқлик йўқотилиши ҳам камайган.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Тошкент шаҳри ва Учтепа тумани мутасаддилари билан мулоқот қилди. Маҳаллалардаги янги “еттилик” тизими фаолиятини самарали йўлга қўйиш, ижтимоий масалаларни аҳоли талаби асосида жойларнинг ўзида ҳал этиб, одамларни рози қилиш зарурлиги таъкидланди.
Жумладан, қишга тайёргарлик бўйича кўрилган чораларни ҳам одамлар сезиши керак. Иссиқлик марказлари ва тармоқлардаги мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиб бориш, бино ва хонадонларда иссиқликни асраш долзарб вазифа экани қайд этилди.
Шу куни давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасининг Ягона тезкор бошқарув марказини бориб кўрди.
Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Замонавий ускуналар билан жиҳозланган мажмуа “Геоинформацион электрон харита” дастури асосида ишлайди. Унга Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Транспорт ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия, Солиқ қўмитаси каби идораларнинг 55 та электрон базаси интеграция қилинган. Тошкент шаҳридаги 10 мингдан ортиқ турар ва нотурар жойлардаги 7 минг 300 та видеокузатув камералари ҳам уланган.
Бу жамоат хавфсизлигига масъул куч ва воситаларни самарали бошқариш имконини бермоқда. Жумладан, кўча ва жамоат жойларида хизмат олиб бораётган ходимлар онлайн кузатиб турилади ва вазиятга қараб йўналтирилади. Натижада ҳодиса жойига 3-5 дақиқада етиб борилади.
Булар “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз маҳалла” мақсадларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлашда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, ўтган даврда пойтахтда содир қилинган 925 та жиноят тезкор фош этилган.
Ягона тезкор бошқарув марказида “Е-манзил”, “Шакл-1”, “Е-меҳмон”, “Кадастр” дастурларидан маълумот олиш ҳам йўлга қўйилган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқиган ёшлар томонидан “Қалқон” номли тизим яратилган.
Буларнинг барчаси халқимиз осойишталигига масъул идораларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаб, маълумотларни яхлит дастурда қайта ишлаш, тезкор вазият ва криминоген ҳолатларни автоматик таҳлил қилиш, муаммоларни баҳолаш орқали тўғри қарорлар қабул қилиш имконини бераётир.
Президентимиз марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Бу тизимдан фойдаланиб, маҳаллалардаги профилактика инспекторлари ишини ҳам рақамлаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ва тезкорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълумки, ўтган қишдаги совуқдан келиб чиқиб, бу мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилди. Ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди. Муассаса, корхона ва маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилди.
Қўшимча энергетика қувватларини яратиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Натижада қисқа вақтда 675 мегаватт ишга туширилди, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишга туширилади. Шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланди.
Тошкент шаҳрида аҳоли кўплиги ва талаб юқорилиги боис бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, пойтахтимизда жами қуввати 286 мегаваттга тенг 2 та янги подстанция қурилди. 228 та трансформатор, 1 минг 130 километр тармоқлар янгиланди. 260 километр юқори кучланишли кабел тармоқлари тортилди.
Давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириб, дастур доирасида режалаштирилган вазифаларни қисқа муддатларда якунига етказиш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётган муаммолар муҳокама қилинди. Президентимиз ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратди.
Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совуши сабабли электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчаётгани маълум қилинган.
Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди. Электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.
Бу йил кўмир таъминотида ҳам янги тизим йўлга қўйилди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 5 миллион 900 минг тонна кўмир қазиб чиқарилди. Аҳолига 930 минг тонна, ижтимоий соҳа учун қўшимча 93 минг тонна кўмир етказилди.
Ҳудудлардаги омборларда турган кўмирни аҳолига ва ижтимоий соҳага етказилишини кундалик назоратга олиш, иситиш тизими давлат-хусусий шерикка ўтказилган объектларда зарур кўмир захирасини яратиш кераклиги айтилди.
Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунга хилоф ҳолатларни чеклаш муҳимлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Бугундан бошлаб барча ҳуқуқ-тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтиши белгиланди.
Йиғилишда Янги йил байрами олдидан аҳоли фаровонлиги учун шароитларни янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий тадбирлар юқори даражада ўтказилиши, кўнгилочар дастурлар ва хизматларни кўпайтирилиши қайд этилди. Шунингдек, бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Нарх-наволарни асоссиз оширишга уриниш Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.
Шунингдек, жамоат транспортларининг барқарор қатновини таъминлаш, метро ва автобусларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди. Бекатларда шароитларни яхшилаш, йўлларни тозалаш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда қишга тайёргарлик бўйича Ҳукумат комиссияси ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.
ЎзА