БМТнинг Ўзбекистондаги ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликда “яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши, савдони ривожлантириш каби йўналишларда қатор лойиҳалар йўлга қўйилган.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг “Ўзбекистон Республикасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатларни кузатиш ва техник ёрдам кўрсатиш бўйича интеграциялашган ва кенгайтирилган шаффофлик тизимини яратиш салоҳиятини ошириш” лойиҳаси самарали амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг юртимизда амалий ташриф билан бўлиб турган БМТ бош котиби ёрдамчиси, Кўкаламзорлаштириш ва ўрмонлар бўйича Глобал форум директори Жульета Биао Куденукпо билан учрашувида шу ҳақда сўз юритилди.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, соғлиқни сақлаш, экология, иқлим ўзгариши йўналишларидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Иқлим ўзгаришига қарши курашишда бунинг болалар, ёшлар ва аёлларга таъсирини ҳисобга олган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Aйни пайтда Марказий Осиё глобал иқлим ўзгариши оқибатларини тобора кўпроқ бошдан кечирмоқда. Орол денгизининг қуриши минтақада комплекс экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Шу нуқтаи-назардан суҳбат чоғида БМТ ва унинг ихтисослашган идораларининг фаол иштирокида “яшил” технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқлим технологияларини жалб қилиш бўйича янги чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Конструктив ва амалий руҳда кечган учрашув якунида мулоқотни тизимли давом эттириш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар кўламини кенгайтиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА