Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазири Ху Хэпин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мулоқот давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, парламентлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Хитой етакчиларининг мустаҳкам дўстлиги ва сиёсий иродаси туфайли икки давлат муносабатлари стратегик шериклик даражасида жадал ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.

Маълумки, мамлакатларимиз ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури ҳамда умумий қиймати 25 миллиард доллардан зиёд бўлган янги юқори технологик саноат, савдо ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Суҳбат чоғида парламентлараро алоқаларга эътибор қаратилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим механизми экани айтиб ўтилди.

Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш учун барча имкониятлар мавжудлиги, айниқса, маданият ва туризм йўналишларида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлигига урғу берилди.

Ўзбекистон ва Хитойни Буюк ипак йўли бўйлаб узвий тарихий ришталар боғлаб туради. Маданиятлар, анъаналар, менталитет ва қадриятларнинг ўхшашлиги ҳам бирлаштиради. Шу нуқтаи-назардан томонлар халқлар ўртасидаги яқин маданий ҳамкорликни ҳамда туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Мамлакатларимиз умумий тарихини ўрганиш бўйича қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, “Ипак йўли” жамғармаси кўмагида икки давлат шаҳарлари ўртасида сайёҳлик йўлагини шакллантириш бўйича дастурни ишга тушириш ва кейинчалик унга Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини ҳам жалб қилиш таклифи илгари сурилди.

Хитойда Ўзбекистон, Ўзбекистонда Хитой маданият кунларини тез-тез ўтказиш ҳамда маданият марказлари фаолиятини жонлантиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА