“Жадидлар орзуси” спектакли мухлисларга тақдим этилади

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифатга чорлаб, миллатни уйғотишга умрини бағишлаган жадид боболаримиз ҳаётига бағишланган “Жадидлар орзуси” спектакли саҳналаштирилди.
Жорий йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маданият саройида ушбу саҳна асарининг премьераси бўлиб ўтади.
“Жадидлар орзуси” спектакли Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон каби тараққийпарвар боболаримиз ҳаётига бағишланади.
Унда ўз давридаги турли қийинчиликларга қарамасдан Ватан равнақи, юрт осойишталиги, эрк учун курашган боболаримизнинг фаолияти акс эттирилади.
Жадидлар ҳақида сўз борганида, Абдуқодир Шакурий, Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Обиджон Маҳмудов, Абдулҳамид Чўлпон, Исҳоқхон Ибрат, Бобоохун Салимов, Полвонниёз ҳожи Юсупов номлари ҳам ёдга олинади.
Туркистонда жадидчилик ХIХ аср охири ХХ асрнинг бошларида зиёлиларнинг халқ орасида озодлик, ҳуррият, маданий-маърифий ғояларини кенг тарғибот қилиш ва амалга оширишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар билан бевосита боғлиқдир.
Маълумки, жадидларимиз ҳуқуқ, миллий давлат, ҳокимият масалалари билан мунтазам шуғулландилар. Айни пайтда мактаб–маориф ислоҳ қилина бошланди. Миллий матбуот йўлга қўйилди. Театр пайдо бўлди. Янги адабиёт шаклланди. Бир сўз билан айтганда, янги тафаккур майдонга келди. Бу – миллатнинг ўзлигини англаш ва мустақиллик мафкураси эди. Бу ҳол, шубҳасиз, миллатнинг кейинги 3-4 асрлик тарихий тараққиётида мисли кўрилмаган ҳол эди. Саҳна асарида айни жиҳатларни акс эттиришга ҳаракат қилингани эътиборлидир.
Н.Усмонова,
ЎзА