Замонавий кардиология муаммолари ечимида инновацион ёндашув муҳим ўрин тутади

305

Пойтахтимизда Ўзбекистон кардиологларининг «Замонавий кардиология муаммолари ечимида инновацион ёндашув» мавзусидаги илмий-амалий анжумани ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ташаббуси билан ташкил этилган конференцияда маҳаллий мутахассислар билан бирга АҚШ, Япония, Германия, Швейцария, Австралия, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Россия каби хорижий давлатлардан келган 50 нафарга яқин олимлар иштирок этмоқда.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири в.б. А.Худаяров барчани ушбу нуфузли анжумандаги иштироки билан қутлади.

Конференцияда кардиологиянинг бир қатор йўналишлари бўйича ўзаро фикр алмашиш, юрак-қон томир касалликлари бирламчи профилактикаси, замонавий диагностика ва даволаш усуллари, юқори технологик амалиётлар ва тиббий реабилитация каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

– Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад замонавий кардиология муаммоларига инновацион ёндашувларни жорий этишдир, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов. – Соҳага доир халқаро экспертларнинг маърузалари, энг сўнги ютуқлар ҳақидаги билимлар шифокорларимизнинг халқаро тажрибадан хабардорлик даражаси ошишига ва бу, ўз навбатида, беморлар саломатлиги яхшиланишига хизмат қилади.

Конференция иши эртага ҳам давом этади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА