Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Италия Республикасига ташрифи давомида ушбу мамлакатда яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан учрашди.

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасида ташкил этилган учрашувда дастлаб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, Омбудсман институти фаолияти, унинг қонунчилик базаси ва ваколатлари ҳақида маълумот берилди.

Ҳамюртларимиз билан ўтказилган учрашувда улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб боришини ва Италияда кўплаб ўзбек талабалар таълим олаётганидан келиб чиқиб, маданий тадбирларни кўпроқ ташкил этиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Италия сенатори, Инсон ҳуқуқларини таьминлаш ва ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоси Чинза Пиллигрино билан учрашди. Ўзаро мулоқот давомида сенатор Омбудсман институтининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича фаолияти билан таништирилди.

Чинза Пиллигрино Италия ва Ўзбекистон Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш муҳим эканлигига тўхталар экан, мурожаатлар билан ишлаш борасида Италиянинг ўзига хос тажрибаси борлиги, парламентга ҳам кўплаб мурожаатлар юборилиши, ушбу йўналишда ишловчи сенатор сифатида уларни ўрганиб, соҳалар кесимида таҳлил қилинишини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланиш тенденцияларини кузатиб бораётгани ва мамлакатимизга ташриф буюриш истагида эканлигини билдирди.

Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА