Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси бўлим бошлиғи Маҳлиё Ҳайитова бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Элликқалъа, Мўйноқ, Қўнғирот, Тахтакўпир, Чимбой, Хўжайли туманлари ва Нукус шаҳридаги бир қанча туризм объектларида бўлди.
Тадбир давомида маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, меҳмонхоналар, сиҳатгоҳ ва дам олиш зоналари, оммавий намойиш жойлари, бозорлар, вокзал ва автошоҳбекатларда санитария-гигиена шохобчаларининг мавжудлиги, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилди.
Шунингдек, тадбир давомида Республика ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги таълим тизими ислоҳотлари йўналишида кўрсатилган топшириқлар юзасидан бир қатор умумий ўрта таълим мактабларида тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлангани ҳолати ҳам текширилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ўрганиш натижасида объектларда бир қатор хато-камчиликлар, жумладан, санитар-гигиеник, техник хавфсизлик, ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Бундан ташқари, ушбу объектларда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар учун зарурий шарт-шароитлар яратилмагани ҳам маълум бўлди. Ўрганиш ишларидан сўнг масъулларга камчиликларни бартараф этиш борасида топшириқлар берилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 сентябрдаги тегишли топшириғига мувофиқ, республикадаги барча туризм объектлари (маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, туризм зоналари, меҳмонхоналар, сиҳатгоҳ ва дам олиш зоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, оммавий намойиш жойлари, маданият ва истироҳат боғлари, оммавий бозорлар), вокзал ва автошоҳбекатларда “Санитария инқилоби”ни амалга ошириш кўзда тутилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА