Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “AGRO EKSIM GOLD” масъулияти чекланган жамияти директори Серикбай Рахметовнинг бошқарманинг “Business Compass” волонтёрлик клуби аъзолари ҳамда ёш тадбиркорлар билан учрашуви бўлди.
28 йиллик тажрибага эга тадбиркор Эрон технологиялари асосида гидропоника услубида полиз маҳсулотларини етиштириш тажрибаси билан ўртоқлашди. Ҳар йили иссиқхонада етиштирилган маҳсулотлар Россия, Озарбайжон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинади. Бугунги кунда гектаридан 250 тоннагача маҳсулот олиш имконияти мавжуд.
– Дастлабки йиллари корхонада 3 нафар киши билан иш бошлаган бўлсак, бугунги кунда уларнинг сони 360 нафарга етди, асосан ёшлар ва хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган, – дейди тадбиркор С.Рахметов. –Фаолиятимни юқори фоизли кредит олиб бошлаганим учун молиявий масалада бироз қийинчиликларга дуч келдим. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, ҳудудга инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратишда катта имконият бўлди. Бугун барча қийинчиликлар ортда қолди.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда корхонада етиштирилган маҳсулотларнинг 70 фоизи экспортга, 30 фоизи эса ички бозорга етказиб берилмоқда. Тажрибали тадбиркор давлатимиз раҳбари томонидан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири