Расмийлар ҳисоб-китобига кўра, Ливияда ҳалокатли сув тошқини натижасида камида беш минг киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Sky News” нашри ёзди.

Маҳаллий ахборот агентлиги ва телеканалга Шарқий Ливия ҳукумати ички ишлар вазирлиги маълумот беришича, камида 5300 киши ҳаётдан кўз юмган. Гарчи бошқа манбалар бу рақамни тасдиқламаса-да, минглаб қурбонлар борлиги тез-тез тилга олиняпти.

Аксарият қурбонлар ва жиддий вайронагарчилик мамлакат шарқидаги Дерна порт шаҳрида кузатилди: икки тўғон сув босими остида ёрилиб кетди.

Ливия шарқини назорат қилувчи маъмурият соғлиқни сақлаш вазири Усмон Абдул Жалил аввалроқ 3000 дан кўп одам нобуд бўлгани тасдиқланганини билдирганди.

– Минглаб инсонларнинг тақдири номаълум, ҳалок бўлганлар сони эса 10 мингга етиши кутиляпти, – деди у “Ал-Массар” телеканалига. – Дернада кўплаб маҳаллалар бутунлай сув остида қолган. Табиий офат оқибатида мингга яқин жасаднинг шахсини аниқлашга тўғри келяпти. Бу шаҳарда вазият тобора фожиали тус олмоқда, қурбонлар сони бўйича тайинли маълумот йўқ. Кўп ҳудудларга ҳали кириб бўлмаяпти.

– Дернадаги вазият ҳалокатли. Жасадлар ҳамма жойда – денгизда, водийларда, бинолар остида ётибди, – деди Шарқий Ливиянинг тан олинмаган ҳукумати фуқаро авиацияси вазири Ҳикем Абу Шкиват. – Шаҳар аҳолисининг 25 фоизи ғойиб бўлди, десам муболаға эмас. Жуда кўп бино қулаб тушди.

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Федерациясининг Ливиядаги вакили Тамер Рамадан Женевада бўлиб ўтган брифингда қурбонлар сони жуда кўплигини тасдиқлади. Тошқинга қарши кураш, офат оқибатини бартараф этиш учун ҳукумат, жамият ва халқ имкониятидан ташқари халқаро ёрдам ҳам керак бўлишини таъкидлади.

Мутахассислар Дернадаги тўғонлар портлаши мумкинлигини ҳисобга олган, аммо  ҳеч ким аҳолини хавфдан огоҳ қилмаган.

Дерналик Ҳузайфа Ал-Ҳасадий “Ал-Хурра” телеканалига берган интервьюсида фожиани оғирлаштирган ҳолатлардан бири ер нотекислиги эканини айтиб, “…сув тўпланган баъзи ҳудудлар чуқурлиги 400 метрга етди, тўғон бузилгач, саккиз кўприк, ўнлаб турар-жой бинолари бутунлай қулаб тушди”, деди.

Ҳодисадан мамлакат шарқидаги Бинғози, Сус, Ал-Маж шаҳарлари ҳам жабрланган. Ливия армиясининг етти нафар аскари қутқарув ишлари чоғида ғойиб бўлди.

Расмийлар мамлакат шарқида комендантлик соати жорий қилди, мактаб ва дўконлар ёпилди.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил Муаммар Каддафий ҳокимиятдан ағдарилган қўзғолондан кейин Ливия икки рақиб маъмурият ўртасида бўлиниб қолган.

На тан олинган ва на тан олинмаган ҳукуматлар инфратузилмани сақлаш ва таъмирлашга сармоя киритмади. Натижада сув тошқини мана шундай ҳалокатли оқибатларга олиб келди.

Ўтган ҳафта табиий офатлар Греция, Туркия ва Болгарияда ҳам кузатилган эди.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА