Қорақалпоғистон Республикасидаги 721 та умумтаълим мактабида ўқув йилининг бошланиши муносабати билан биринчи қўнғироқ жаранглади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев Нукус шаҳридаги 1-айрим фанлар чуқур ўргатиладиган синфи мавжуд умумий ўрта таълим мактабида “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилган тантанали маросимда иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев мактаб жамоаси ва ўқувчиларни юртимиз мустақиллигининг 32 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклади. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган ишлар натижасида мамлакатимизда, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам сўнги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаби, ижод мактаби, ихтисослаштирилган мактаблар фаолият олиб бориб, янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.

Мазкур умумий ўрта таълим мактабида жами 2200 нафар ўқувчи таълим олади. Ўтган йил умумтаълим мактабининг 11-синфини 84 нафар йигит-қиз тамомлаган бўлса, улардан 59 нафари, яъни 70 фоизи олий ўқув юртларининг талабаси бўлди. Тадбирда 1-синфга қадам қўйган 230 нафар ўқувчига “Президент совғаси” топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди ва “Мустақиллик дарси”да иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, 2023-2024 ўқув йилида мактабларнинг 1-синфига 36 минг нафардан зиёд бола қадам қўйган. Уларга 12 турдаги ўқув қуроли, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат “Президент совғаси” топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА