Ўзбекистонга келган сайёҳ борки Самарқандда бўлсам, Регистонни кўрсам дейди. Йил ўн икки ой бу ердан сайёҳлар қадами узилмайди. Ёз ва қиш пайтларида ҳаво ҳароратининг туризм учун бироз ноқулайлиги сабабли сайёҳлар оқими камайиши мумкин.
Йилнинг бошқа фаслларида эса Регистон кундузи ва тунда ҳам доим гавжум бўлади.
– Регистон нафақат Самарқанднинг, балки юртимизнинг “ташриф қоғози”га айланган бетакрор меъморий обида, – дейди Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси директори Хонқул Самаров. – Ҳар йили миллионлаб кишилар унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, маҳобатини кўриш ва деворлари қатидаги тарих тилсимларини билиш учун бу ерга келишади. Аслида бу туризм учун жуда катта имконият, иқтисодий ресурс. Ундан самарали фойдаланиш эса ўзимизга боғлиқ.
Авваллари мажмуа фақатгина кундуз кунлари очиқ бўлиб, тунда сайёҳлар қабул қилинмасди. Кейинги йилларда туризмни юртимиз иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айлантириш бўйича бошланган саъй-ҳаракатлар туфайли кўп тартиблар ўзгарди, тизимга янгиликлар жорий қилинди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 30 сентябрь куни “Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида йилнинг март-ноябрь ойларида Регистон мажмуасида иш соат 7:00 дан 24:00 гача этиб белгиланди. Яъни, у маҳаллий сайёҳ бўладими ёки хорижликми 24 соат мобайнида бу обидага келиб, уни томоша қилиши, завқланиши мумкин.
Шунингдек, туристик ташкилотларнинг буюртмасига асосан тунги пайтда сайёҳлар учун 3D лазер шоу дастури, мусиқий шоу дастури кўрсатилиб келинмоқда. “Чорсу” савдо-гумбази биноси Регистон ансамбли дирекцияси балансига ўтказилгач, бу ерда ҳам доимий кўргазмалар зали ташкил этилди. Сайёҳларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармониясининг Самарқанд вилояти бўлими билан ҳамкорликда фольклор концерт дастурлари намойиш этилмоқда. Мажмуага келадиган сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида барча кириш жойларида имконияти чекланганлар учун махсус йўлаклар (пандус) ва замонавий санузеллар ташкил этилди. Ҳар бир сайёҳ ҳамда маҳаллий зиёратчиларга эътибор қаратиш мақсадида алоҳида хона ажратилиб, аудио-гид тизими ишга туширилди. Бунда тўққиз тилда (ўзбек, рус, инглиз, француз, япон, хитой, немис, испан, итальян тиллари) хизмат кўрсатилмоқда.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг қизиқиши юқорилиги инобатга олиниб, Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти томонидан мармар устунга ўрнатилган қуёш соати жойлаштирилди. Тарихий обидаларда музейлаштириш бўйича Мирзо Улуғбек мадрасасида “Самарқандда таълим тарихи” экспозицияси, Шердор мадрасасида “XIX аср талабаси ҳужраси” экспозицияси ва “Ўтмишнинг ноёб фотосуратлари” номли фото-экспозициялар, Тиллакори мадрасасида ҳунармандлар яратган маҳсулотлар экспозицияси яратилди. Бугунги кунда Регистон мажмуаси кириш жойларида электрон турникетлар ўрнатилган бўлиб, турникетлар учун электрон чипталар жорий қилиш ҳамда электрон чипталарни “click” иловасида ва www.registon.uz сайтларидан тўғридан тўғри харид қилиш механизми жорий этилди. Бу каби ишлар Самарқандга келаётган сайёҳларнинг кўнглини олиш ва ташрифини кўпайтиришга қаратилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА