Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”да қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, кўп квартирали уйларга туташ чегаралари белгиланган ер участкалари кўп квартирали уйлардаги уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан республикадаги қолган кўп квартирали уйларнинг туташ ер участкалари чегараларини белгилаб, «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритади.
2024 йил 1 январдан бошлабкўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш нотариуслар томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизими орқали тегишли мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин амалга оширилади.
Умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдори Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларига агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида ёки чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлари билан келишилган махсус жойларда йиғишга рухсат этилади. Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича тўлов қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун белгиланган мажбурий тўловларга қўшилган ҳолда ягона тўлов сифатида ундирилади.
Агротехник ишлов бериш, кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни йиғиш ва келишилган махсус жойларга етказиш тўлиқ кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан амалга оширилади.
Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлар томонидан режа-график асосида амалга оширилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва жойлар мулкдорлари томонидан иссиқлик таъминотидан фойдаланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши,шунингдек, таъмирлаш-тиклаш ишларининг қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ваколати берилади.
ЎзА