Сентябрдан ўқишлар бошланиб, йўловчилар кўпаяди. Табиийки бу жараёнда тирбандликлар юзага келади. Бу борада қилинаётган ишлар ҳақида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ЎзАга маълумот берди.

4 сентябрь санасидан Республикамизда навбатдаги ўқув йили мавсуми бошланиши муносабати билан, Тошкент шаҳридаги йўловчилар ташиш узлуксизлигини таъминлаш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида, бугунги кунда ишга чиқарилаётган 1464 та автобуслар сонини 1550 тагача ва бажариладиган қатновлар сонини 21,7 мингтадан 22,8 мингтага ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, сентябрь ойи давомида қўшимча яна 9 та янги автобус йўналишларини ташкил қилиш режалаштирилган.

Маълумот учун, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги 8 та автобус саройлари томонидан 158 та автобус йўналишларида хизмат кўрсатилмоқда. Режа бўйича кунлик ишга чиқариладиган автобуслар сони 1464 та, бажариладиган қатновлар сони 21,7 мингта белгиланган.

Шунингдек, ташкилот 26 августдан Тошкент метрополитенининг “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари 4 ойга ёпилиши сабабли қўшимча автобуслар йўлга қўйилиши муҳокама жараёнида эканлиги ва бу тўғрисида тез орада маълумот берилишини қўшимча қилди.

Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов (видео), ЎзА.