Президентимиз Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуасига борди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифининг иккинчи куни Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. 
Мамлакатимиз дунё тамаддуни ва илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. Аждодларимиз бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, қадамжоларини обод масканга айлантириш доимий эътиборда.
c9283a1c-1d28-0b04-2212-2b0bcc404673.jpg
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда буюк тараққийпарвар ва маърифатпарвар Исҳоқхон Ибратнинг халқимиз маънавий-маърифий юксалиши йўлидаги беқиёс хизматларига эҳтиром рамзи сифатида унинг номини абадийлаштириш, у кишига атаб замонавий боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва “Ибрат мактаби”ни ташкил қилиш ташаббусини илгари сурган эди.
Қайд этиш жоизки, ХIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Ибрат домла араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган. Энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганган. Серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”), “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият” , “Мезон уз-замон” (Замон тарозуси), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби ўндан ортиқ тилшуносликка оид, илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда эса янги “усули савтия” мактабини ташкил этиб, ўнлаб нафар қишлоқ болаларини ўқитган.
8a0aeb09-57f7-3325-0d5a-761037f54f74.jpg
Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида, 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил қилган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатиб келган ва у ерда ўтган давр мобайнида бир қатор илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил июль ойида Наманган вилоятига ташрифи доирасида ушбу комплексда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишган, уни мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик билан ҳамкорликда хорижий тилларни ихтисослаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур шароитлар яратиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берганди.
760baa8a-71e1-f32d-c9ff-5518450beb87.jpg
Ўтган давр мобайнида икки гектардан зиёд майдонни ташкил этган Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд мажмуа боғ-хиёбон, унинг ўртасида Исҳоқхон тўра Ибратнинг ҳайкали, миллий меъморчилик услубидаги айвон, босмахона, илғор технологиялар асосида қурилган мусиқали фаввора, чет тилларга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат ва тарихий меъморчилик обидасида барпо этилган музейни ўз ичига олади.
Ушбу мажмуа, Наманган вилояти аҳолиси, айниқса, ёшлар учун муносиб совға бўлди. Боғ одамларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига қулайлик яратиш билан маънавий оламини ҳам бойитади. Бу ердаги музейда Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти, серқирра фаолияти ҳақида кенг маълумотга эга бўлиш мумкин. “Ибрат мактаби”да ёшлар хорижий тилларни ўрганади. Буларнинг барчаси яхлит комплекс сифатида алломанинг халқимиз учун қилган буюк хизматларини қадрлаш, меросини ўқиб-ўрганиш ва тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.
be2c8d6b-6fc2-16d0-e564-f92cb88df3d9.jpg
Шавкат Мирзиёев Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни кириб кўрди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан мулоқот қилди.
Мактабда умумтаълим фанлари ва инглиз, немис, француз, рус, араб, хитой, корейс тиллари филологияси чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Дарс жараёнига чет эллик кўнгиллилар ҳам жалб этилади.
Давлатимиз раҳбари маърифатпарвар аллома номи билан аталувчи мактаб ҳар томонлама намунали бўлиши, бир нечта хорижий тилларни билган замонавий кадрларни тарбиялаши зарурлигини таъкидлади.
– Аввал таъкидлаганимдек, Ибрат домланинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда,– деди давлатимиз раҳбари. – Ёшларимиз шунга муносиб, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етишлари керак. Бу мактабга нафақат Наманган вилояти, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан энг иқтидорли ёшлар ўқишга қабул қилинади.
d41865b5-4c8f-5954-1392-3d1b1eeaaf32.jpg
Билим даргоҳини аъло баҳолар билан тамомлаган ўқувчилар юртимиздаги олий ўқув юртларига имтиёзли тарзда қабул қилинади.
– Билимли, бир неча тилларни пухта ўзлаштирган ёшлар ҳеч қачон кам бўлмайди, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хорижий тиллар бўйича илмий ишлар қилиш, тил ўргатиш методологиясини такомиллаштириш, мактаб-интернатда дарсларни шу асосда олиб бориш кераклиги қайд этилди.
Президентимиз Ибрат мактабини аъло баҳоларга битирган ўғил-қизларни олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиш ва грант асосида ўқитиш бўйича топшириқ берди.
Шавкат Мирзиёев мажмуага уйғун тарзда Косонсой сойининг икки қирғоғида бунёд этилган хиёбонни кўздан кечирди. Бу ерда қурилаётган уй-жойлар, савдо шохобчалари, кўнгил очар масканлар, аҳоли сайр қиладиган йўлаклар ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишини янада такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Исҳоқхон Ибрат музейи билан танишди. Президентимиз мажмуа ҳудудида вилоят зиёлилари, нуронийлар билан мулоқот қилди. Улар Президентимиз ташрифидан хурсандлигини, буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишлари учун миннатдорлик изҳор этди.

 

Зиёдулла Жонибеков, Акрамжон Сатторов, ЎзА