“Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, крипто-депозитарий фаолияти — крипто-активларни чиқариш, уларни дастлабки жойлаштириш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилотдир.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилноза Собирова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда илк бор Ўзбекистон ҳудудида крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2023 йил 21 июнда агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биринчи бор крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.  Крипто-депозитарий фаолиятини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркор учун, таъминланган токенларни чиқариш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш орқали ўз фаолиятини молиялаштириш ёки қўшимча инвестицияларни жалб қилишдир.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунга келиб, мамлакатимиз ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасида тегишли лицензия асосида хизмат кўрсатиш учун ташкил этилган 6 та хизматлар провайдерлари рўйхатга олинган. Хизматлар провайдерларидан 3,2 миллиард сўм давлат божи ва йиғимлар тўланиши таъминланди.

Шунингдек, 2023 йил бошидан бошлаб, Агентлик томонидан хорижий мамлакатларнинг крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солувчи ваколатли органлари билан ҳамкорликни ўрнатиш мақсадида, таклиф хатлари йўлланган. Крипто-активлар айланмаси соҳасида халқаро хизмат кўрсатувчи провайдерлар билан алоқаларни ўрнатиш мақсадида жорий  йилнинг биринчи ярим йиллиги доирасида 10 дан ортиқ халқаро хизмат кўрсатувчи провайдерларга таклиф хатлари юборилган.

Қайд этилишича, крипто-активлар айланмасини тартибга солишдаги нафақат умумий талаблар, балки мазкур соҳада фаолият олиб бориши мумкин бўлган тегишли фаолият турлари ҳам белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги қарори билан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари этиб “майнинг” ва “крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар” фаолияти белгиланган.

Хизматлар провайдерлари, ўз навбатида, “крипто-биржа”, “майнинг-пул”, “крипто-депозитарий” ва “крипто-дўкон” фаолият турларига тақсимланган.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА