Олий Мажлис Сенати аъзолари шу кунларда ҳудудларда бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганмоқда.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алихонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида ўрганиш ўтказмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан ижтимоий соҳа объектлари бўйича 2023 йилда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни имзолаш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.

Жорий йилда маҳаллий иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш мақсадида 1554 ижтимоий соҳа объекти хатловдан ўтказилиб, 666 объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжати ишлаб чиқилган. 657 объект  хулоса олиш учун экспертизага тақдим қилиниб, 557 объектга экспертиза хулосалари олинган. 2023 йилда Тахиатош ва Нукус туманларида 110 объектнинг маҳаллий иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш режалаштирилган.

Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ишлар режали ташкил этилган.

Ўрганишлар доирасида электр тармоқлари ва қурилмаларини, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви таъминоти объектлари ва қурилмаларини мавсумга тайёрлаш, аҳолига, айниқса, олис аҳоли пунктларига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш, захирасини яратиш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди.

Ишчи гуруҳ Нукус шаҳридаги юқори кучланишли марказий нимстанция ҳамда ёрдамчи нимстанцияда қишга тайёргарлик ишлари билан танишиб, ишларни тезлаштириш юзасидан тавсиялар берди.

Шунингдек, масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, куз-қиш мавсумига тайёрлик ишларини жадаллаштириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

* * *  

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Боқиев ишчи гуруҳ билан бирга Жомбой туманида бўлди.

Ишчи гуруҳ ҳудудда 2023-2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши билан яқиндан танишди.

Сенатор Алишер Навоий маҳалласида хонадонларга қуёш панеллари ва батареяларининг ўрнатилиши, унинг имкониятлари, афзалликлари юзасидан уй эгалари билан мулоқот қилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари қуёш панели ва аккумулятори билан жиҳозланган 30-сонли мактабгача таълим ташкилотининг моддий-техник базаси, хоналарни иситишга мўлжалланган батареялар ҳолатини кўздан кечирди.

Тойлоқ туманидаги 17-сонли умумтаълим мактабида ўрнатилган қуёш панелининг имконияти ва афзалликлари, шунингдек, табиий газ босими пастлиги туфайли кўмир билан иситишга мўлжалланган қозонхона ва унинг янги печлари, куз-қиш мавсуми бўйича бажарилган ишлар ҳолатини ўрганди.

Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа таълим масканларида ҳам бўлиб,  мавжуд муаммоларни ўрганди. Камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Сенаторларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

 

Н.Абдураимова,    

ЎзА