Юртимизда педагог касбининг нуфузини ошириш, уларнинг моддий турмуш шароитларини яхшилаш, масъулиятли меҳнатини муносиб баҳолашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдорлари бир неча марта оширилди. Уларга алоҳида устама жорий этилиши ва таълим стандартлари талабларига мувофиқ педагогларнинг иш юкламалари мақбуллаштирилди.
Бироқ педагогларнинг мақомини ошириш бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган чора-тадбирлар ва қабул қилинган ҳужжатлар улар фаолиятини тўлақонли бажаришга, етарли даражада моддий, ижтимоий ва уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилишга, вазифа ва функцияларига тааллуқли бўлмаган бошқа ишларга жалб қилинмаслиги учун тўла асос бўлиб хизмат қилмаяпти. Бундан ташқари, давлат таълим ташкилотлари раҳбарлари, таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ота-оналарнинг педагог ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашувлари улар томонидан таълим сифатини яхшилаш, таълим ва тарбия олувчиларга етарли билим ва кўникмаларни бериш имкониятини бермаяти.
Айни пайтда иқтидорли ёш авлод ва юқори малакали кадрларнинг педагогика фаолиятига кенг жалб этилишини таъминлаш учун уларга қўшимча ҳуқуқ ва имтиёзлар тақдим этиш, педагог ходимнинг жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, уларнинг мақомини алоҳида қонун билан белгилаш талаб этилади.
Шундан келиб чиқиб, педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, унинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида “Педагог мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан педагог ходимларининг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, мақомини ошириш мақсадида бир қатор нормалар таклиф этилмоқда.
Жумладан, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини кафолатлаш мақсадида шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш, педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш, илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходимни бириктириш, давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши, педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши кафолатланмоқда.
Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Юқоридаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлаган ҳолда ушбу қонун лойиҳаси педагогларнинг жамиятдаги нуфузи ошиши, педагогик фаолиятга бўлган талаб ошган ҳолда таълим бериш тизими янада кучайиши, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш имкониятлари янада кенгайишига мустаҳкам замин яратилишини таъкидлаб, уни маъқулладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА