Сўнгги йилларда мамлакатимизда жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда янги иш услублари татбиқ қилиниб, аҳоли ва жамоатчилик билан узвий мулоқот йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан Оролбўйининг шаҳар ҳамда туманларида ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида ёшлар билан ўтказилган учрашувларда айнан шу каби долзарб масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада содир бўлаётган жиноятлардан хабардор бўлиш, жойларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш, ҳуқуқий тарбияни янгича механизмини ишлаб чиқиш ҳақида сўз юритилди. Бунинг учун маҳаллаларда, биринчи навбатда, тарбияси оғир ёшлар билан содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва аянчли оқибатлари, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш, тадбиркорликка ҳамда спортга жалб қилиш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Нукус шаҳрининг ўзида 71 маҳалла фуқаролар йиғинида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ўтказилди. Натижада, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинларининг 29 тасида бирорта жиноят содир этилмади. Маҳалла тизимини такомиллаштириш, уларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида фаолларининг масъул ташкилотлар ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорлигида кам таъминланган оилалар эҳтиёжмандлик даражасидан чиқарилмоқда. “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили жорий этилиб, Нукус шаҳридан 17 та маҳалла фуқаролар йиғини “қизил”, 29 таси “яшил” ҳудудга киритилди.
Учрашувда асосан ёшлар орасида жиноятчилик камаймаётгани масаласида сўз юритилди. Ушбу масалада нуронийлар, маҳалла фаоллари сўзга чиқиб, ёшларни ёт ғоялардан асраш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа турли йўналишлардаги салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар доимий ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Учрашувда ёшлар томонидан билдирилган таклифларга, учраётган муаммоларга эътибор қаратилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА