Украина мудофаа вазири Алексей Резников Киев Қрим кўпригига зарба беришда давом этади, деди “CNN” эфирида кўприкни тўлиқ ишдан чиқариш режаси ҳақида берилган саволга жавоб бераркан.
17 июль куни тунда Украинанинг сув юзасида ҳаракатланадиган дронлари Қрим кўпригига ҳужум уюштирди. Натижада икки киши ҳалок бўлган, автомобиль ҳаракатланадиган йўлак зарар кўрган.
Россия Президенти Владимир Путин ушбу ҳужум учун жавобгарлик Киев зиммасида эканини айтди. Унинг таъкидлашича, Қрим кўприги орқали ҳарбий юк, аллақачон, ташилмай қўйган.
– Рақибнинг логистика йўлагини вайрон қилиш мақбул тактика ҳисобланади, чунки қурол-аслаҳа, ёқилғи, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар ташиш имкониятига чек қўйиш муҳим, – деди Резников. – Шунинг учун ҳам биз айни тактикадан фойдаланамиз.
Аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Аспен институтида бўлиб ўтган хавфсизлик бўйича анжуманда Қрим кўприги “йўқ қилиниши керак бўлган” нишон эканини таъкидлаган.