Академик лицейларга кириш тест синовлари анъанага кўра, 2 та фан ва интеллектуал қобилият даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича ўтказилади.

2023/2024 ўқув йили учун академик лицейларга қабул параметрларининг таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича тақсимланиши тасдиқланган бўлиб, унга кўра 71 та лицейга 11 минг  544 та ўзбек, 2 минг 678 та рус ҳамда 468 та қорақалпоқ тиллари учун квоталар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан жорий йилнинг  24 июль куни академик лицейларга 2023-2024 ўқув йили учун кириш тест синовлари ўтказилди.

Тест синовлари республикада 29 та катта сиғимли бинода 2 сменада ташкил этилиб, унда 28 минг нафардан ортиқ талабгор иштирок этди. Бунда талабгорларга ҳар бир фандан 20 тадан жами 60 та тест топшириғи ва уларни ишлаш учун 1 соату 50 дақиқа вақт берилди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, тест синови натижалари агентлик томонидан 5 кун ичида ҳисобланиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этилганидан сўнг эълон қилинади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, барча тест топширувчилар учун топшириқлар сони жами 60 тадан иборат бўлган. Шундан 20 таси ўқувчининг интеллектуал қобилият даражаси (IQ) ни аниқлаш бўйича ҳамда таълим йўналишларига мос иккита фан бўйича эса, жами 40 та тест саволларидан иборат бўлган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА