Президент Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Тошкент шаҳрининг Сергели ва Олмазор туманларига ташриф буюриб саноат корхоналари фаолияти, маҳалла ҳаёти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Сергели туманидаги “Alutex” корхонасида бўлди.

Мамлакатимизда муқобил энергетикани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қуёш панеллари ўрнатиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланган. Бу алюмин профилларга талабни оширмоқда.

Жорий йил май ойида “Alutex” масъулияти чекланган жамияти томонидан ойна ва қуёш панеллари учун профиллар тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. Бу корхона 350 дан ортиқ турдаги, йилига 36 минг тонна алюмин профил ишлаб чиқариш қувватига эга.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди.

– Дунёдаги етакчи компаниялар билан биргаликда умумий қуввати 15 гигаваттдан ортиқ қуёш ва шамол станцияларини барпо этмоқчимиз. “Яшил” энергетика – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун тайёр бозор, катта имконият. Фақат асосий талаб – сифат, – деди Президент.

Корхонага Италия, Жанубий Корея ва Туркиядан энг замонавий ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган. Натижада 400 та янги иш ўрни яратилган. Сентябрь ойидан қўшимча янги 130 турдаги алюмин профиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Импорт ўрнини босишдан ташқари, маҳсулотларнинг бир қисмини экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Чилонзор туманига ташрифи чоғида «Ориент керамик» корхонасини бориб кўрган, унинг фаолиятини кенгайтириш муҳимлигини айтган эди.

Шундан сўнг Сергели тумани ҳудудида яна бир завод қурилиб, хориждан илғор технология келтириб ўрнатилди. Корхона шу йил июнь ойида фаолият бошлаб, 450 киши иш билан таъминланди.

Президент Шавкат Мирзиёев унинг иш жараёни билан танишиб, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди.

Бу лойиҳанинг қиймати 42 миллион доллар бўлиб, йилига 10 миллион квадрат метр кафель ва керамогранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар деярли юз фоиз маҳаллий хомашёдан тайёрланиши боис хорижникидан бир неча баробар арзон. Уларнинг сифатли, турли ранг ва ҳажмда экани бозорбоплигини таъминламоқда.

Илгари бундай катта ўлчамдаги керамогранит кафеллар юртимизга импорт қилинар эди. Энди уларнинг ўрнини тўлдириш билан бирга, маҳсулотларнинг ярмини экспорт қилиш ҳам мумкин.

Давлатимиз раҳбари ушбу корхона тажрибаси асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.

Шу ерда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари билан мулоқот бўлди. Улар тадбиркорлик, бандлик, бунёдкорлик лойиҳалари юзасидан ахборот берди.

– Ислоҳотларимиз, ҳудудларга бераётган имкониятларимиз натижасида ҳокимларнинг дунёқараши ўзгараяпти. Бугун Тошкент туманлари катта-катта марралар қўйяпти. Энг катта масалалар – ишсизликни камайтириш, инвестиция олиб келиш ва экспорт. Мана, «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурини бошладик. Бу ҳам аҳоли, ҳам тадбиркорлар учун катта имконият. Яна бир муҳим вазифа – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳамиз. Кўчат экиш, боғ яратиш ишларини давом эттириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, одамларнинг дам олиши учун шароит ташкил қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбиркорлик, рақамлаштириш, хизматлар соҳасида хориж тажрибасини ўрганиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Хастимом маҳалласида бўлди.

Бу ерда 1 минг 500 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг кўпчилиги ҳунармандчилик ва савдо билан шуғулланади.

Давлатимиз раҳбари хонадонлардаги шароитларни кириб кўрди, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Нуронийлар маҳалладаги турмуш тарзи, ёшларнинг касб-кори ҳақида сўзлаб беришди. Юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларга файзу барака тилаб дуо қилинди.

Маълумки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари амалга оширилмоқда. Йўллар, муҳандислик тармоқлари таъмирланиб, хонадонларга файз кирмоқда. Бу маҳаллани ҳам “Обод хонадон” дастури асосида ободонлаштириш кўзда тутилмоқда.

– Ҳар бир инсонга муносиб шароит яратиш мақсадимиз ва бурчимиз, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари уйларда ташкил этилган ҳунармандлик устахоналари ва маҳалладаги кичик кўргазмани кўздан кечирди. Ўзини ўзи банд қилишни кенгайтириш, туристлар учун савдо ва хизматларни йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири