Бобур юрти Андижоннинг энг хушманзара гўшаси Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бошланди.

Фестивалда Россия, Франция, Германия, Швеция, Чехия, Болгария, Латвия, Польша, Греция, Сербия сингари дунёдаги бир қатор давлатларнинг эстрада санъати гуруҳлари, хонандалари иштирок этиб, ўзларининг миллий санъатларини намойиш этади.

Фестивалнинг асосий тадбирлари – хорижий санъаткорларнинг чиқишлари кеч оқшом фестивалнинг очилиш маросимидан сўнг бошланади. Меҳмонлар бугун дунёга машҳур “Доктор Албан”, Boney M диско-гуруҳи ҳамда Otawan гуруҳларининг чиқишларидан баҳраманд бўлади.

Хонобод шаҳрининг марказий маданият ва истироҳат боғида ўзлари учун ажратилган майдонларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда юртимиз вилоятларидан ташриф буюрган ижодий гуруҳлар, ҳунармандлар ўзларининг ўзига хос санъати ҳамда ҳунармандчилик анъаналарини намойиш этмоқда.

– Фестивалда вилоятдан “Жарқўрғон” фольклор-этнографик жамоаси ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Норали Алланазаров ўз бадиий дастурлари билан иштирок этади, – дейди Сурхондарё вилояти Маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Даврон Бобоёров. – Бундан ташқари, сурхондарёлик ҳунармандлар томонидан вилоятнинг ўзига хос ҳунармандчилик, шунингдек, анъана ва урф-одатлари намойиш этилади.

Фестивалда республикамизнинг ҳар бир вилояти нафақат санъат, балки туризм, ҳунармандчилик йўналишидаги имконият ва салоҳиятини намоён этади.

– Миллий қўғирчоқлар тайёрлаш фаолияти билан шуғулланаман, – дейди асакалик ҳунарманд Ёқутхон Ўринбоева. – Фестиваль доирасида ташкил этилган кўргазмаларда 20 дан ортиқ турдаги маҳсулотларим билан иштирок этяпман. Ишонаманки, миллий қўғирчоқларимиз фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотади.

Фестивалнинг расмий очилиш маросими бугун кеч оқшомда ўтказилади.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА