Шу кунларда Чехия Республикаси саноат ва савдо вазири Йозеф Сикела бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Делегация аъзолари кеча Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги Иқтисодий, саноат ва илмий техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилишида иштирок этди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон – Чехия қўшма бизнес форуми ҳам ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Чехия муносабати йил сайин ривожланиб бораётгани, ҳамкорлик янги босқичга чиқаётгани эътироф этилди. Икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, томонларнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, янги истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш, алоқаларни жадаллаштириш, ўзаро муносабат кўламини кенгайтириш борасида сўз борди.

Форумда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда Чехия капитали иштирокида 50 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш 2,6 баробар ошган. Чехия Республикаси мамлакатимизнинг Европадаги энг муҳим ҳамкорларидан бири. Сўнгги йилларда, айниқса, иқтисодий, инвестициявий муносабат тобора мустаҳкамланиб, ўзаро савдо учун қулай муҳит яратилди. Натижада товар ва хизматлар алмашинуви кўлами йил сайин кенгаймоқда. Хусусан, 2022 йил давомида ўзаро савдо миқдори 184,8 миллион доллар, жумладан, экспорт – 30,5 миллион, импорт 154,2 миллион долларни ташкил этди.

– Ўзбекистон бизнес ҳамжамияти билан яна бир бор кўришиб, очиқ ва самимий мулоқот қилиб турганимиздан мамнунмиз – дейди Й.Сикела. – Бундай тадбирлар икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлайди, савдо-иқтисодий йўналишдаги шерикликни янги босқичга олиб чиқади. Ҳозир Марказий Осиёда миллий ресурслардан тўғри фойдаланган ҳолда иқтисодиётни ривожлантириш, минтақанинг жаҳондаги ўрнини яхшилашга қаратилган улкан ҳаракатлар олиб бориляпти. Жумладан, Ўзбекистон билан ҳам турли янги йўналишларда лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш устида ишлаяпмиз. Бугунги кунга келиб, йилига беш фоизлик ўсиш кўрсаткичига эришдик. Биз Ўзбекистонни энг ишончли ҳамкорлардан бири сифатида биламиз. Учрашувда инвестиция, барқарор ривожланиш бўйича икки томон учун ҳам манфаатли шериклик юзасидан фикр алмашилди. Бу давлатларимиз, халқларимиз учун жуда фойдали бўлади.

Форумда мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар, эркин иқтисодий зоналардаги қулайлик, табиий бойликларимиз, банк-молия, суғурта соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида “В2В” шаклида учрашувлар ташкил қилинди. Тадбирда маҳаллий ҳамда чехиялик тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболи, корхоналар ўзаро ҳамкорлигини янада жадаллаштириш бўйича фикр алмашилди.

Анжуман давомида республикамизда бизнес юритиш бўйича чех компаниялари тажрибаси тақдимоти ўтказилди. Янги қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Гўзал Сатторова,

Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА