Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали бўлиб ўтган овозли чатда Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси, оила ва болалар психологи Шоира Исоқова иштирок этди.

Мазкур чатни Youtube канали орқали видео шаклда кўришингиз мумкин.

— Юртимизда психологлар фаолиятини тартибга соладиган қонунлар борми?

— Ўзбекистон психологлар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳулкар опа Маҳмудова билан биргаликда “Ўзбекистонда психологик хизмат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тақдим этдик. Лекин у ҳали қабул қилинмади. Қачонки қонун қабул қилиниб, кучга кирса, ана ундан кейин  назорат ўрнатадиган тизим пайдо бўлади. Ҳозир  ички ишлар, прокуратура назорат қилиш ҳуқуқига эга.  Республика маънавият ва маърифат маркази эса ахлоқ нормаларига тўғри келмайдиган ахборотлар чиқишига бевосита масъул.

Психология – бизнес эмас. Психология ижтимоий фан. Психология билан инсоннинг руҳиятини бузиб юбориш, тўғри йўлда кетаётган одамни ёмон йўлга бошлаш мумкин. Буни сохта психологлар ўйлаётгани йўқ. Буларни назорат қилишни қайсидир тизим зиммасига олиши керак. Ёки жамоатчилик сифатида ички ишлар, прокуратура, маънавият маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси, диний қўмита – ҳамма бирлашиши керак.

Демак, бизнинг оқсаётган масаламиз – қонуннинг йўқлиги. Ушбу интервьюдан кейин юқори ташкилотлар бунга эътибор қаратишар деган умиддаман.

Н.Раҳмонова,

А.Содиқов (видео), ЎзА