Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида 99,85 фоизли тоза молибден металли олинди.
Жорий йилнинг июнь ойида бирлашманинг молибден-вольфрам ишлаб чиқарувчи пиррометаллургия цехида янги юқори ҳароратли куйдириш печи фойдаланишга топширилди.
Ушбу молибден ишлаб чиқариш бўйича юқори ҳароратли куйдириш печининг ишга туширилиши натижасида бирлашмада ўта соф ҳолатдаги – 99,85 фоизли молибден металли олинди. Ушбу соф ҳолдаги молибден металлидан кислород таркиби 0,6 фоизгача туширилди. Аввал бирлашмада 96,4 фоизлик тоза молибден 1 фоиз таркибли кислород билан ишлаб чиқилган.
Бирлашма меҳнат жамоасининг саъйи-ҳаракатлари билан бу кўрсаткич 99,85 фоизга етказилди. Мазкур цехнинг йиллик қуввати 820 тонна молибден маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этади. Янги ишлаб чиқариш қуввати эса йилига 450 тонна ўта тоза 99,85 фоизли молибден металлини ишлаб чиқаради. Ушбу ўта тоза молибден металли юпқа нано қатламлар учун металл нишонлари тайёрлашда, ярим ўтказгич соҳасида ишлатиладиган деталлар тайёрлашда кенг қўлланилади.
Улуғбек Рўзиев,
Бирлашма директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари,
ЎзА