Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги давом этмоқда.
Жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортган мазкур нуфузли халқаро анжуманда дунёнинг қарийб барча қитъасидан, яъни 60 дан зиёд мамлакатдан 450 дан ортиқ давлат ва сиёсат арбоблари, йирик бизнес вакиллари, экспертлар, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этмоқда.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Сифатли таълим ва инновациялар – барқарор келажак асоси” мавзусидаги конференцияда халқаро эксперт Башир Чанбаша Ўзбекистон ўз инновацион ландшафтини фаол такомиллаштириб, тадқиқот, ишланмалар ва инновациялар учун янада қулай муҳит яратаётганини таъкидлади.
– Ўтган йили Ўзбекистон Глобал инновацион индексда 132 мамлакат орасида 82-ўринни эгаллади, – дейди эксперт ўз сўзида. – 2030 йилда эса мамлакатингиз Глобал инновацион индексда 50 та илғор давлат қаторига қўшилишни мақсад қилган.
Таълим соҳасида Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги ўрнини яхшилайдиган бир қанча аниқ йўналишлар мавжуд деб бемалол айта олиш мумкин. Булар олий таълим муассасаларининг рейтинги, халқаро аккредитация, индексланган журналларда нашрлар сонининг кўпайиши ва бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда янги ўқув дастурларининг жорий этилиши ҳисобланади.
Маълумки, кўникмаларга асосланган иш ўринларини яратиш ва меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш университетларнинг энг муҳим вазифасидир. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш университетлар, саноат корхоналари, сиёсатчилар ва тегишли манфаатдор томонларни жалб қилган ҳолда, ҳамкорликдаги ёндошувни талаб қилади. Тадқиқот ва ишланмаларни халқаролаштириш жараёнлари тадқиқотчилар, олимлар ва институтлар ўртасида тадқиқот ўтказиш, билим алмашиш ва инновацион ечимларни ишлаб чиқишда глобал ҳамкорликни англатади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА