Қарор ва ижро
Таҳлилий маълумотлар жорий йил вегетация даврида сув ресурслари ҳажми кўп йиллик меъёрга нисбатан Сирдарё ҳавзасида ўн-ўн беш фоизга, Амударё ҳавзасида йигирма фоизгача кам бўлишини кўрсатмоқда.
Бу рақамлар, аввало, аграр соҳада сув тежовчи технологиялардан унумли фойдаланишга эътибор қаратиш долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Шу ўринда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.
Тегишли чора-тадбирлар эса натижасини кўрсатмоқда. Хусусан, сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар кенгаймоқда. Бу суғориладиган ерларнинг қарийб 25 фоизини ташкил қилмоқда. Бунинг ҳисобига ўтган йил 3 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди. Тежалган оби-ҳаёт эса 830 минг гектар такрорий экин майдонларини суғоришга ишлатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 3 апрелда “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжат жорий йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлашда нималарга аҳамият қаратиш кераклигини белгилаб беришда муҳим аҳамият касб этади.
Қарор ижроси доирасида Қорақалпоғистонда – мамлакатимизнинг сув танқислиги бўйича муаммоли ҳудудларидан бирида амалга оширилаётган ишларга қисқача тўхталамиз.
Бу заминда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда суғоришнинг бир қатор тежамкор усулларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган. Хусусан, ёмғирлатиб ёки томчилатиб суғоришга эътибор ортмоқда. Шунингдек, ерни лазерли ускуна ёрдамида текислаган ҳолда дискретли суғориш усули ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.
Аниқ рақамларни келтирамиз. Қорақалпоғистонда ўтган йили аграр соҳада томчилатиб суғориш ускуналаридан самарали фойдаланилгани натижасида 176 миллион куб метрдан ортиқ сув тежалган. Қарор билан жорий йилда ҳам тармоқда бу йўналишга эътибор янги босқичга кўтарилаётир. Хусусан, 20 минг 220 гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Шундан 17 минг 649 гектарда томчилатиб, 1 минг 575 гектарда ёмғирлатиб, 1 минг гектарда дискретли суғориш усулидан фойдаланилади. Бу ҳудуддаги жами экин майдонларининг ўртача 45 фоизини ташкил этмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, аграр соҳадаги бу ислоҳотлар нафақат сув тежамкорлигига эришишда балки ҳосилдорлик ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Тўрткўллик миришкорлар мўл ва сифатли хирмон кўтариш, оби-ҳаётни тежашда пешқадамлардан. Бугунги кунда тумандаги пахта ва ғалла майдонларида ҳам сув тежаш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда.
Жорий йил Тўрткўл туманида 1 минг 900 гектар пахта майдонларини томчилатиб суғориш режалаштирилган. Ҳозирги пайтда 500 гектар ерда томчилатиб суғориш тўлиқ жорий қилинган. Қолган 1 минг 400 гектар ер учун ҳовуз тайёрлаш, магистрал қувурларни ётқизиш ишлари якунланмоқда.
– Сувдан оқилона фойдаланишда замонавий технологияларни жорий қилиш давр талаби саналади, – дейди тўрткўллик фермер Мақсуд Исмоилов. – Пахта етиштиришда томчилатиб суғоришни йўлга қўйганимизга учинчи йил бўляпти. Натижаси яхши бўляпти. Авваллари 40-42 центнердан ҳосил олган бўлсак, энди бу кўрсаткич 60-70 центнерга етмоқда. Бу усулдан фойдаланганда нафақат сув, балки ёқилғидан ҳам иқтисод қилинмоқда. Тежалган сув такрорий экинларимиз учун жуда муҳим. Халқимизда қовун қовундан ранг олади деган гап бор. Бугун бу амалиёт бошқа фермерларга ҳам маъқул бўлмоқда.
Сувни тежаб ишлатиш зарурлиги ҳақидаги фикрларни давом эттирар эканмиз Президентнинг юқорида келтирилган қарорига яна тўхталамиз.
Қарорда сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзолар орқали тасдиқлаш имконини берувчи “Suv hisobi” ахборот тизими яратилиши белгилаб қўйилди.
Шунга кўра, 2025 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида “Suv hisobi” ахборот тизими жорий қилинади. Қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда ишлатилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни ҳисоблашда шу тизим орқали тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботларини автоматик шакллантириб бериш амалиёти жорий этилади.
Бугун сувдан тежаб фойдаланиш ҳар жиҳатдан муҳим эканлиги бот-бот такрорланмоқда. Назарий ва амалий ҳаракатлар уйғунлашмоқда. Бу эса, шубҳасиз, ўз самарасини беради.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири