Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида “Бизнес ва иқтисодиётда рақамли трансформация” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференция очилиш маросимида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби директорининг биринчи ўринбосари Бобур Абдиназаров, Жанубий Кореянинг Ҳандонг Глобал университети профессори Жинвон Ан бизнесда рақамли трансформация, рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича бизнес жараёнини қайта кўриб чиқиш, янги бизнес жараёнларини яратиш ёки мавжудларини ўзгартириш каби мавзуларда фикр билдирди.

Конференцияда Ажоу университети профессори Судук Ким рақамли трансформация ва электрлаштириш ҳақида маъруза қилди. У ўз нутқида рақамли трансформациянинг афзалликларини санаб ўтди.

– Бугунги кунда экспортни ривожлантиришда рақамли технологиялардан фойдаланишни такомиллаштириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омилдир, – дейди Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг иқтисод фанлари доктори, профессор Дилфуза Расулова. – Ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес жаҳон мамлакатларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Бугунги конференцияда Янги Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнларини ривожлантириш йўллари, рақамли трансформация, рақамли иқтисодиёт шароитларида тижорат банкларининг чакана хизматларини ривожлантириш, саноат корхоналарида инновацион бошқарувни ташкил этиш каби мавзулар кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, рақамли трансформация — онлайн платформаларни ривожлантириш ва рақамли маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этиш учун янги имкониятларни яратишга ёрдам беради. Рақамли таҳлил ва маълумотларни қайта ишлаш, тезроқ таҳлил қилишга имкон беради.

Конференция якунида рақамли трансформациянинг афзалликлари ҳамда ҳозирги кунда республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бизнес самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, мижозларга хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, компанияларнинг ўсиши ҳамда ривожланиши учун янги имкониятлар яратиш жараёнлари муҳокама қилинди.

– Бугунги конференция Жанубий Кореянинг Ҳандонг Глобал университети билан ҳамкорликда ўтказилмоқда, — дейди Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби профессори Дилмурод Суюнов. – Мамлакатимиз рақамли иқтисодиётга кириш йўлларини янада такомиллаштириш йўналишида таклифлар, илмий қарашларни шакллантиришимиз зарур. Бунда хорижий ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганишимиз керак. Шу нуқтаи назардан бугунги тадбирда Жанубий Кореянинг машҳур олимлари иштирокида тажриба алмашдик. Бизнесда рақамли трансформация бўйича фикрлар билдирилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан иқтисодиётда рақамли технологиялар орқали трансформация жараёнлари қамровини ошириш масалалари бўйича таклифлар билдирилди. Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришда рақамли технологияларнинг ролини ошириш зарур.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

Носир Ҳайдаров(сурат)  

ЎзА