Жумадан жумагача

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ўтган ҳафта Оқ уйда АҚШ Президенти Жо Байден билан НАТО Бош котиби лавозимига мамлакати мудофаа вазири Бен Уоллес номзодини келишиб олди, деган хабар тарқалди.

2014 йилдан бери Шимолий Атлантика альянсини бошқариб келаётган Йенс Столтенберг сентябрь ойида лавозимини тарк этади. Ғарб давлатлари Альянсга янги раҳбар сайлаш масаласида демократик тамойилга содиқ эканликлари тўғрисида гапирсалар ҳам номзодлар ҳалигача жамоатчиликдан яшириб келинмоқда.

Мазкур ҳарбий ташкилоти янги раҳбари масаласи 11-12 июль кунлари Вильнюс саммитида ҳал бўлади.

Назарий жиҳатдан Альянснинг 31 аъзо давлати ўзи истаган номзодини илгари суриши мумкин. Франция, Буюк Британия ёки Германия, деган қатъий гап йўқ. Ҳатто, Исландия ёки Шимолий Македония ҳам номзод кўрсатишга ҳақи бор. Сўнгги гапни эса Вашингтон айтади.

Сунакнинг номзоди Уоллес. “У дунёдаги ҳамкасблари орасида алоҳида ҳурматга сазовор, Украина низосини бартараф этишда ҳам муҳим роль ўйнамоқда”, дейди бош вазир.

Британиялик бошқа номзод, ҳукумат собиқ раҳбари Борис Жонсоннинг ҳам бу лавозимда “кўнгли” йўқ эмас. У мамлакати ҳарбий харажатини ошириш ташаббуси орқали соҳага яқинлашган. Агар НАТОда ҳам айни мавзуни кўтарса, етакчи давлатлар меҳрини қозониши тайин.

ОАВда аввалроқ “Нидерландия ва Испания ҳукумати раҳбарлари – Марк Рютте ва Педро Санчес номзодлари ҳам бор” мазмунида тарқатилган хабарларни бу икки сиёсатчи рад этиб чиққан.

Руминия Президенти Клаус Йоханнис ҳақида ҳам ижобий фикр бисёр, аммо Столтенбергнинг ўринбосари Мирча Жоанэ румин ва у лавозимини тарк этиш ҳақида ўйламаяпти. Демак, ташкилотда бир давлатнинг икки вакили бўлиши тўғри келмайди.

Инклюзивлик ва хилма-хиллик сиёсати тамойилига мувофиқ, бу гал НАТО раҳбарлигига аёл киши қўйилиши тўғрисида гаплар урчиган. Дания Бош вазири Метте Фредериксен ўз номзоди ҳақидаги гап-сўзларга жавобан, “мен бу лавозимга ҳеч қачон бормайман”, дея баёнот берди.

Тахминий даъвогарлар орасида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, ЕИ собиқ бош дипломати Федерик Могерини ва Канада молия вазири Христю Фриланд номлари учрайди. Сўнгги номзод-аёл этник украиналик, Шарқий Европа сиёсати ва тарихини яхши билади, экспертлар таъкидлашича, муҳими у аксил рус қарашга эга.

Урсула фон дер Ляйен Германияда мудофаа вазири бўлган, аммо бу лавозимда муваффақиятга эришмаган, дейишади таҳлилчилар. ОАВ унинг даврида вазирлик коррупция ботқоғига ботган, деб ёзғиради.

Деярли, ҳеч ким Могеринининг ўтмишидан айб тополмаган. Демак, у муносиб.

Нега америкалик номзод ҳақида гап йўқ, деган ҳақли саволга жавоб аниқ – одатга кўра АҚШ фуқароси НАТО Олий бош қўмондонлик кучлари лавозимини эгалик қилади.

Ҳозир, ҳар ҳолда, Альянсга Шимолий Европа вакили даъво қилмайди: норвегиялик Столтенберггача даниялик Андерс Фог Расмуссен ҳам бу курсида ўтирган.

Болтиқ бўйи мамлакатлари ва Польшада имконият яхши. Масалан, Эстония Бош вазири Каи Каллас, аёл сиёсатчи.

Аввал ҳам айтганимиздек, НАТО Бош котиби олдин давлат, ҳукуматни бошқаришда тажрибага эга, жилла қурса, Бош вазир ўринбосари ёки ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган бўлиши лозим.

Аввало, раҳбарликка номзод тузилманинг барча тамойилларига содиқ бўлиши, бугун Украинани қўллаб-қувватлаши шарт. Қолаверса, Брюссель ва Вашингтон чизиғидан чиқмаслиги талаб этилади.

Янги раҳбар Альянс сиёсатини ўзгартира оладими, йўқми, бу ҳам муҳим. НАТО совуқ уруш даврида ташкил топган, ўшандан бери Ғарб альянси, дейилади. Шарққа томон кенгайиш асл тамойилга тўғри келмайди. ”НАТО+” ташаббуси орқали Осиё-Тинч океани минтақасига қараб чўзилишдан ким наф, ким зарар кўради?

Бир сўз билан айтганда, НАТО трансформацияга муҳтож. Янги раҳбар Альянс тизимини ўзгартира олса, тарихда қолади. Акс ҳолда, ўша гап…

Трамп айбдорми??

Шу ҳафта бошида – 77 ёшга тўлиши арафасида ва президент сайловига бир йил қолганда АҚШ собиқ раҳбари Дональд Трампга махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш айби эълон қилинди. Сиёсатчи 400 йилга қамалиши мумкин.

Республикачи Трамп айбловни қатъий рад этди. Мени сайлов олди мусобақасидан чиқариб юборишга ҳаракат қилинмоқда, деди.

38 банддан иборат 44 саҳифали хулоса Трамп ва унинг ёрдамчиси Уолт Наутга тегишли. Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳидан топилган, аксарияти ётоқ ва ювиниш хонасидан чиққани ҳамда ядро соҳасига оидлиги айтилаётган президентлик даврига оид 102 ҳужжатнинг 17 таси “ўта махфий” тамғага эга.

Жиноий суриштирув ёки қамоқ жазоси сиёсатчининг сайловда қатнашишига монелик қилмайди. Бу хусусда конституцияда ҳеч гап йўқ.

Агар жазоланса, Трамп Америка тарихида президентлик ваколати муддати тугагандан кейин қамалган илк давлат раҳбарига айланади.

Собиқ раҳбар маҳкамадаги шахсий архивидан чиққан давлат ҳужжатларини 1978 йилда қабул қилинган “Президент ёзувлари тўғрисидаги қонун”га биноан сақлаганини айтади.

Вечный лидер? Трамп уходит, но не прощается - BBC News Русская служба

Экс-президент гапига қўшимча қилиб, лавозимидан кетгандан кейин Билл Клинтоннинг уйидан ҳарбий соҳага оид 79 та махфий ёзувли кассета чиққани мисолини келтирди. Шунингдек, Байден ҳам уйида махфий ҳужжатлар сақлаётгани, бу иш билан ҳозир Адлия вазирлиги шуғулланаётганини эслатиб ўтди.

Трамп илк бор судланаётгани йўқ. Йил бошида беҳаё фильмлар актрисаси Сторми Дэниэлсга берган катта миқдордаги маблағни яширгани учун Нью-Йорк суди унинг устидан иш қўзғаган. Аввалроқ Дональд маҳкамада журналист Жин Кэроллга тажовуз ишини ютқазган. 2021 йил 6 январда Капитолияда ташкил этилган норозилик акцияси мавзуси ҳам ҳали охирига етказилмаган…

Суд иши қандай тугаши номаълум. Айблов жуда жиддий, кўзланаётган жазо ҳам шунга яраша.

Дарвоқе, суд жараёнлари Трампнинг истагига таъсир кўрсатмайди, аксинча сайлов кампанияси кучайишига олиб келади. Сайловда ғолиб чиқса, аввало ўзини “афв эттиради». Бу назарий жиҳатдан мумкин.

Демократларда эса шу йўл билан Трампни сайлов кампаниясидан узоқлаштириш умиди бор. Уларнинг фикрича, Трамп судма-суд юриб, сайлов жараёнига вақти, имкони етмайди.

Экспертлар Вашингтон хайрихоҳлари бу борада мутлақ янглиш йўлда, дейишмоқда. Ёзилмаган қонунга кўра, суд-прокуратура ҳужуми сиёсий рақибга қарши ишлатилмайди!

Бундай амал эса яна Трамп фойдасига ишлайди. Бошқа томондан сайловчиларнинг ҳуқуқ идоралари тизимига ишончи йўқолади.

“СBS” телеканали “YouGov” ижтимоий сўров хизмати билан бирга ўтказган сўнгги суриштирувда Трамп Республикачилар партияси номзодлари орасида илғорликни сақлаб келаётганини кўрсатди. Уни 75 фоиз сафдоши қўлламоқда, Флорида губернатори Рон Десантис эса 51 фоиз тарафдор билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Трампнинг Оқ уйдан махфий ҳужжатларни нега олиб чиқиб кетгани эса ҳануз топишмоқ бўлиб қолмоқда. У Вашингтон расмийларининг ҳужжатларни қайтариб топшириш кераклиги тўғрисидаги чақириғига қулоқ солмади.

Нега, нима учун? Ўртадаги ҳақли саволга жавоб олиш учун суриштирув тугагунча сабр қилишга тўғри келади.

Жавобни бу йил, балки келаси йил олишимиз мумкин.

Ҳатто, “2024 йилдаги сайловдан кейин” эҳтимоли ҳам йўқ эмас…

Борис Жонсон катта сиёсатга қайтади…ми?

Сўнгги тўрт йил Буюк Британиядаги етакчи сиёсий партиялар жиддий синовдан ўтди. Лейбористлар мафкуравий курашни бошдан кечирди: марказий қанот яна ҳукуматга қайтди, сўллар етакчиси Жереми Корбин қадрдон партияси рўйхатидан ўчирилди. Шотландиялик миллатчилар раиси Николу Стержен коррупция иши бўйича полиция қўлида.

Борис Жонсон воқеаси ҳам ўзига хос. Консерваторлар 2019 йил эришган омад тўрт йилдан кейин қўлдан чиқишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди, дейди экспертлар. 2022 йилда Бош вазир истеъфосидан кейин парламентдан туриб ҳукуматга таъсир ўтказаман, деб ният қилиб турган бир пайтда Вазирлар Маҳкамасига ўзига яқини Лиз Трасс сайланди.

Кейин эса иш унинг режаси асосида кетмади. Трасс 45 кунгина ҳукумат курсисида ўтирди, ўрнига Риши Сунак келди.

Жонсон ҳукуматида Сунак молия вазири бўлиб, икки сиёсатчининг бир-бирини кўришга кўзи йўқ эди, дейишади. Айнан Ришининг молия тизимидан кетиши Жонсоннинг лавозимидан айрилишига олиб келди.

Шу тариқа у янги ҳукуматнинг бош танқидчисига айланади. Мавзу кўп, асосийси мамлакат жиддий иқтисодий ва миграция инқирозига учраган.

Хотирлатиш зарур бўлса, Трасс “ағдарилгач”, Жонсон қайта ҳукуматга интилди, аммо юз нафар партиядоши имзосини тўплай олмади…

Кутилмаганда СОVID пандемияси чеклови даврида Даунинг-стрит (ҳукумат уйи)да кўнгил очар оқшом ўтказилгани қалқиб чиқди. Жонсон жавобгар сифатида парламент комиссиясига чақиртирилди, соатлаб депутатларга воқеани рад этишга уринди. Ҳамкасблари эса ундан “WhatsApp” ёзишмаларини кўрсатишни талаб қилишди.

Бурчакка сиқилган Жонсон бу ишни ёпди-ёпди қилишни сўраб, Сунакка мурожаат қилади. Таҳлилчилар бунақаси ҳали Британия сиёсий тарихида бўлмаганига диққат қилишади. Албатта, у шахсий ёзишмалари учинчи қўлга тушишини истамайди.

Сунакдан умидини узиб, вақтинча “ўйин”дан чиқишга қарор қилади ва депутатликдан истеъфо беради.

Кетар жафосида Консерватив партияни баттар ҳолга солмоқчи бўлади. Гап шундаки, ундан кейин яна икки депутат дўсти парламентдан чиқиб кетади. Натижада ҳукмрон партиянинг мажоритар округларида уч жой бўшайди. Бу эса лейбористлар консерваторлардан 15-20 фоиз ўзиб кетаётган бир пайтда кўнгилсиз воқеа эди…

Ҳар ҳолда, собиқ Бош вазир ҳаётидан мамнун. Истеъфога чиқмасдан олдин парламентда энг кўп маош оладиган сиёсатчи эди. Энди эса Қўшма Штатларга, Сингапурга бориб конференцияларда нутқ ирод қилиб, фақат ўтган йили тўрт миллион фунт фойда топди.

Украина зиддияти ортидан АҚШда бўлиб келди, Республикачилар партияси расмийлари билан кўришди, Дональд Трамп билан норасмий кечки овқатга борди.

Булар Жонсоннинг катта сиёсатга қайтишига ишорадек.

Кейинги йил бўладиган парламент сайловида партияси ютқазиши ва Сунак лавозимидан кетишини тахмин қилади. Шунда партияни қутқарувчи сифатида ўзи майдонга чиқишни мўлжаллаяпти.

Бошқа томондан Консерватив партия фракцияси Жонсонга ҳурмат билан қарамайди, жанжал билан сафдошини оғир кунда ташлаб кетгани ҳали-ҳануз эсдан чиқмаган.

Таҳлилчилар якдил фикрича, Консерваторлар Жонсонни сафга қайтармайди, сайловда қатнашишига йўл бермайди. Бинобарин, Ғарбда унга хайрихоҳ етакчилар бор. Қачонлардир улар билан ҳамкорлик қилган, уларнинг мурожаат-илтимосларини бажарган, содиқлигини намойиш қилган…

Дўстлар эса оғир кунда билинади…

Бугунча шу.

Келаси жумада хабарлашгунча!

ЎзА сиёсий шарҳловчиси

Аброр Ғуломов