Фарғона вилояти Риштон туманидаги халқаро кулолчилик марказида “Ёш ҳунармандлар” республика фестивали бўлиб ўтди.

Риштон кулолчилиги билан дунёга машҳур бўлиб, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий жозибаси ва нақшлари билан ажралиб туради. Кейинги йилларда соҳа ривожига қаратилган эътибор ва рағбат туфайли туман кулоллари томонидан тайёрланган санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиб келинмоқда. Бугунги кунда кулолчилик йўналишида туманда юзлаб машҳур сулолалар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича минглаб ёшлар ушбу ҳунар сир-асрорларини ўрганмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказган Ўзбекистон ёшлари форумида берилган топшириқлар ижроси доирасида ташкил этилган фестивал давомида республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган ҳунармандларнинг кўргазмалари, ёш ҳунармандлар томонидан маҳорат дарслари, Касблар танлови ташкил этилди. Тадбир иштирокчиларига вилоятнинг таниқли санъаткорлари иштирокида катта концерт дастури ҳам тақдим этилди.

Фестивал ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарори билан Қорақалпоғистон республикаси 1-ўринни (100 миллион сўм), Фарғона вилояти 2-ўринни (75 миллион сўм) Тошкент шаҳри 3-ўринни (50 миллион сўм) қўлга киритди. Қолган барча иштирокчилар эса 15 миллион сўмлик ваучерлар билан тақдирланди.

Фарғона вилояти шарафини ҳимоя қилган риштонлик ёш кулол Жавоҳир Усмоналиев фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиб, 75 миллион сўм миқдоридаги мукофот пулига эга бўлди.

 

М.Сулаймонов, ЎзА