Ўз юртини жондан ортиқ севган, бутун умрини шу юрт учун фидо қилишга тайёр турган оилалар Сирдарёнинг Ховос туманида ҳам бор. “Фарҳод” маҳалласида истиқомат қилаётган Жўлбеков оиласи шундай ибратли оилалар сирасидан.
Оилада тўрт қиз бўлиб ҳаммасининг ўрни бўлак. Айниқса, Кароматхоннинг ҳаётга бўлган муносабати опа-сингилларидан фарқ қилади. Унга қишлоқдошлари матонатли қиз деб таъриф беради. Қўллари йўқлиги сабаб у оёқлари билан сурат чизади. Каромат тенгдошлари қатори ўрта мактабда таълим олмади. Ховос тумани 5-сонли мактаб фидойи ўқитувчилар томонидан уйда таълим олади. Таълим олиш жараёнида унинг тасвирий санъатга бўлган қизиқиши ўз натижасини берди. Турли танловларда ғолиб бўлишга ҳам улгурди. Унинг бу ютуқларни қўлга киритишида 70 ёшни қаршилаётган бувиси Рўза ая сабабчи бўлади.
Онадан туғма ногирон бўлиб дунёга келган набирасини тасвирий санъатга қизиқиши борлигини англаган ая Кароматга олти ёшлигида илк бор қоғоз ва қалам олиб келган. – “Бу набирамни ҳаммадан бошқача кўраман. Оллоҳ яхши кўрган бандасига дард бериб синайди. Дастлаб, расм чиза бошлаганида унинг машаққат чекаётганини кўриб, чизган расмлари ўхшамаса, набирамнинг йиғлаганларини кузатиб, хато қилдиммикан, деб ўйланиб қолардим. Ўша пайтларда ота-онаси билан бирга унга далда бўлишга ҳаракат қилардик. Унинг сиқилганини кўриб, ўзим ҳам пана-паналарда йиғлаб олардим. Лекин, минг шукрки, набирам ўзида куч ва ирода топа олди. Республикада ёш ижодкорлар ўртасида ўтказилган расмлар танловида олтин медал олди”, – дея ҳаяжонини яшира олмади.
Қаҳрамонимизнинг натижалари ҳам ҳавас қилса арзигулик. Фанларнинг деярли барчасидан аъло баҳоларга ўқийди. Айниқса, рус тили ва она тили фанига бўлган қизиқиши кучли. Унинг орзуси келажакда Ўзбекистоннинг энг яхши рассоми бўлиш ва мамлакатимиз номидан халқаро танловларда ғолиблик шоҳсупасини эгаллашдир. Бу режаларга замин бўлгувчи натижалар ҳам қайд этилган. 2022 йили “Мафтункор ранглар олами” танловининг туман, вилоят, Республика босқичида ҳам биринчи ўринни қўлга киритган.
–“Ўнг оёғимда расм чизаман. Меҳрибон энажоним доим чизганларим билан қизиқади. Танловларга ҳам энам ҳамроҳлигида бораман. Тошкентда бўлиб ўтган “Мафтункор ранглар олами” республика танловида биринчи ўринни олдим. Жуда кўп совғалар беришди. Уйга катта телевизор, печ, расм чизадиган доска, бир миллион пул мукофоти, олтин медал ва диплом билан қайтдим. Оддий ишчи отажоним ҳам, уй бекаси онажоним ҳам жуда хурсанд бўлди. Очиғи, шунча совғани уйга олиб келганимда ҳамма ҳавас қилиб қаради. Айниқса, энамнинг маҳаллага кириб келишларини кўрсангиз эди. Албатта, совға муҳим эмас, муҳими эътибор. Чизган расмларим инсонларга қувонч бағишласа дейман. Мана шунинг ўзи мен учун катта ютуқ. Бу ютуқларга эришишимда ҳукуматимиздан, биз каби ногиронларга астойдил ғамхўрлик қилаётган Президентимиздан беҳад миннатдорман. Ҳеч қачон имкониятим чекланган деб айтмайман.
Каромат Ўзбекистон Ёшлари иттифоқи Ховос туман Кенгаши раиси Ортиқ Ғафуров, туман “Камалак” болалар ташкилоти раиси Муҳаммадқул Усмоновдан ҳам миннатдор. Улар томонидан унинг барча тадбирларга жалб қилиниши ўзига бўлган ишончни янада оширди. Фақат олға бориш, ҳеч қачон чекинмаслик ва таслим бўлмаслик унинг ҳаётдаги шиоридир. Дизайнерлик соҳасида таълим олишни ҳам кўзлаб қўйган Кароматхон келажакда балки рассом, балки шоир, балки дизайнер бўлар. Нурли манзиллар сари дадил қадам ташлаётган қаҳрамонимизга ҳаётнинг машаққатли йўлларида улкан чўққиларни забт этишига тилакдошмиз.
Шуҳрат Суяров, ЎзА.