Бу ҳақда Банк-молия академияси раҳбариятининг ҳамда Франкфурт молия ва менежмент мактаби Халқаро консалтинг хизматлари директори Фатма Диркес билан онлайн учрашувида маълум қилинди.

Мулоқот давомида академия ректори Элмурод Ҳошимов муасасса фаолияти ва халқаро ҳамкорлик режаси хусусида маълумот берди. Айни жараёнда профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш дастури кўламини кенгайтириш, малакали педагоглар таркибини шакллантириш орқали Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар тайёрлаш мақсади кўзланганини таъкидлади.

Томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, академияга аккредитация бўйича консультация бериш, профессор- ўқитувчилар учун Франкфуртда “яшил” молиялаштириш, рақамли трансформация каби долзарб мавзуларда ёзги мактаб ташкил қилиш масаласини кўриб чиқишди.

Академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчиларининг Франкфурт молия ва менежмент мактаби масофавий ўқув дастурларидан фойдаланиши имконияти ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан эришилган келишувларни ўзаро англашув меморандуми орқали мустаҳкамлаб қўйишга қарор қилинди.

ЎзА