Ўтган 2022 йилда 90,2 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Жорий йилда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2023 йилнинг биринчи чорагида биргина оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилди.
Шунингдек, аномал совуқ ва энергия инқирозидан талафот кўрган 608 та тадбиркорлик субъектларига 1,3 триллион сўмлик кредитлар ажратилиб, 1 минг 210 та тадбиркорнинг 10,2 триллион сўмлик кредитнинг 1,6 триллион сўмлик тўлов қарздорликларининг муддатлари узайтирилди.
Шунингдек, 2022 йилда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 2 371,4 млрд. сўм ёки 2021 йилга нисбатан қарийб 2 баравар кўп бюджет субсидиялари ажратилган. Натижада ўтган йил якунида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 22,8 мингни ташкил этиб, унда қамраб олинган болалар сони 746 минг ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоизга ортишига эришилди. Республика бўйича 3-7 ёшли болалар сони 2 930,8 минг нафарни ташкил этган бўлса, уларнинг 2 103,8 минг нафари ёки 71,8 фоизи мактабгача таълим тизими билан қамраб олинди. Бунда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган болалар улуши 32 фоиздан 35 фоизга ортди.
Ушбу рақамлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йилдаги ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг йиғилишида мазкур ҳисобот қизғин муҳокама қилиниб, қатор таклифлар айтиб ўтилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА