Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йилдаги ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, қатор саволларни ўртага ташлади.
Жумладан, депутат Гулруҳ Аъзамова тиббиётнинг айрим соҳаларига бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилмаётгани, бунинг сабаблари билан қизиқди:
– Тиббиёт соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бир пайтлар гемодиализ оладиган бемор қаерга боришни, қаерда муолажа олишни билмас эди. Ҳозир эса бу борада барча ҳудудда шароитлар яратилди. Аммо тиббиёт соҳасининг айрим йўналишларига ажратилаётган маблағлар ўз вақтида тўлиқ ўзлаштирилмаяпти. Масалан, физиотерапия хизматини қайта тиклаш дастури учун маблағлар 71 фоизга, нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш дастури учун ҳисобот даврида ажратилган маблағлар 75 фоизга, қон қуйиш, гематология ва онкогематология хизматларини ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар эса 80 фоизга ўзлаштирилган, холос.
Молиялаштирилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилмаётганининг сабаби нимада, маблағларнинг ўз вақтида сарфланишига ким ёки нима тўсқинлик қиляпти? Масъулларга қандай чоралар кўрилди?
Депутатнинг ушбу саволига Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов қуйидагича жавоб берди:
– Бу муаммо аввал ҳам бўлган. Ажратилган маблағларни ўзлаштиришда айрим сабаблар мавжуд. Масалан, халқаро тендер жараёнлари. Қон қуйиш, гематология ва онкогематология хизматлари бу янги дастурлар. Бу борада янги препарат, янги турдаги асбоб-ускуналарни харид қилиш йўлга қўйилган. Яъни, импорт маҳсулотларни олиб келишда халқаро компаниялар иштирок этади. Дунёда кечаётган геосиёсий вазиятлар эса логистика тизимимизга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу эса импорт қилинадиган дори воситалари ва асбоб-ускуналарни етказиб беришда муаммолар туғдирди. Шу боис ҳам ўз вақтида ўзлаштирилмай қоляпти.
Масъуллар масаласида тўхталадиган бўлсам, Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида масъул бўлган вакилларга қатъий чоралар кўрилди. Лавозимидан олишгача бўлган чоралар амалга оширилди, – деди вазир ўринбосари.
Иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиев эса айрим ҳолларда маблағлар керагидан кўп миқдорда ажратилган ва шу сабабли ортиқча қисми ўзлаштирилмай қолган бўлиши мумкинлигини, бу яна ўрганиб чиқилишини маълум қилди.
М.Комилова, ЎзА