Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил ҳамда 2023 йил биринчи чорак ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот муҳокама қилинди.
2022 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) номинал ҳажми жорий нархларда 888,3 триллион сўмни ёки 80,4 миллиард долларни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 5,7 фоизга ўсди. Шунингдек, 2023 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотнинг номинал ҳажми 198,5 триллион сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсди.
Қайд этилганидек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 35,4 минг нафар фуқарога фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилишга 2022 йилда 168 миллиард сўм субсидиялар ажратилган.
Шунингдек, 2022 йилда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 6,4 триллион сўм йўналтирилган. Аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув тизимларини яхшилаш дастурларини амалга ошириш бўйича 373 та лойиҳа доирасида 3,9 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқларини тортиш ҳамда 477 та иншоотда қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. Натижада аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси йил бошидаги 69,7 фоиздан 74,4 фоизга етказилишига эришилган.
Йиғилишда депутатлар бюджет маблағларининг самарали, мақсадли сарфланиши масаласига алоҳида эътибор қаратди. Айрим камчилик ва йўл қўйилган хатоларни ўртага ташлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
М.Комилова, ЎзА