2022 йил ер юзида қочқинлар 20 миллион кўпайди, деб хабар берди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги матбуот хизмати.
Тузилма маълумотига кўра, 2022 йил можаро, тақиқ, зўравонлик ва инсон ҳуқуқи бузилиши туфайли 108,4 миллион киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичнинг кетма-кет олтинчи марта кўтарилиб, айни пайт энг юқори даражага чиқишидир.
Жорий йил охирига келиб, дунё бўйлаб қочқинлар сони 110 миллион кишига етиши мумкин.
Ушбу кўрсаткич кескин ошишига Украина атрофидаги зиддият ва бошқа ҳарбий инқирозлар сабаб бўлган. 2021 йил охирида 27 минг 300 украиналик қочоқ рўйхатга олинган, 2022 йил охирида улар 5,7 миллионга етган. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин кузатилган энг тез эмиграция тўлқинидир.
Бундан ташқари кўчманчилар кўпайишига Афғонистон ва Судандаги воқеалар ҳам “салмоқли ҳисса қўшган”.
Дарвоқе, энг бой давлатлар томонидан қочқинлар кўп қабул қилинмаяпти. БМТ қайд этишича, мажбурий мигрантларнинг бешдан бир қисми 46 та кам ривожланган мамлакатларга ўтган.
Ҳисоботда 2022 йил 339 мингдан зиёд қочқин ўз ватанига қайтган. 38 та шундай давлат ичида Жанубий Судан, Сурия, Камерун, Кот-д’Ивуар бор.
Эфиопия, Мьянма, Сурия, Мозамбик ва Конго Демократик Республикасидаги ички кўчманчилардан 5,7 миллиони ҳам уйига қайтишга муваффақ бўлган.
Аброр ХОН, ЎзА