Европа Иттифоқи раҳбарининг Бразилияга ташрифи тафсилоти очиқланди
Европа Иттифоқи Лотин Америкаси мамлакатларига, биринчи навбатда, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, “яшил” энергия ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш лойиҳалари учун ноёб ер ресурсларини қазиб олиш бўйича ҳамкорлик қилиш эвазига ўн миллиард евро сармоя киритишга ваъда берди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Бразилияга ташрифи чоғида ўтказилган матбуот анжуманида ташкилот Лотин Америкасига кўмаклашишини урғулаб, бу кўпроқ хусусий инвестиция жалб қилиш учун асос бўлишини айтган.
У Бразилия Украина масаласида Брюсселни қўллаб-қувватлашига умид билдирди, мамлакатда юзага келган “энергетика ва ўғит соҳасидаги муаммолар”га ЕИ санкцияси эмас, балки Россия айбдор эканини таъкидлади.
Йиғилиш давомида фон дер Ляйен Бразилияда водород ёнилғисини янада тоза ишлаб чиқаришга 2 миллиард, тропик ўрмонлар кесилишига қарши курашиш лойиҳаларига 430 миллион евро йўналтирилишини маълум қилди.
Шунингдек, келажак тўғрисида фикр билдирар экан, дипломат ушбу улкан давлат қайта саноатлаштиришга чорлайдиган савдо ҳамкорлиги ҳудуди, иқтисодий соҳада кенг мулоқот майдони бўлиб қолишига ишонч билдирди.
Б.Худойбердиев, ЎзА