Президент томонидан жорий йил 12 июнь куни имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритилди.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида жойлашган ҳамда мазкур ҳудудда фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлар (бундан йирик солиқ тўловчилар, доимий муассасалар, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорида ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорида ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар мустасно) 2028 йил 1 январгача фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.
Ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича, ЯТТлар эса йилига БҲМнинг бир баравари (330 минг сўм) миқдорида тўлайди.
Агар солиқ тўловчи мазкур имтиёзлар билан бир қаторда бир вақтнинг ўзида бошқа асослар бўйича солиқ имтиёзларига доир ҳуқуққа эга бўлса, бундай солиқ тўловчи ўз ихтиёрига кўра энг қулай солиқ имтиёзини танлашга ҳақли бўлади.
“Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, Қорақалпоғистон Республикасидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) 2027 йил 1 октябргача Консуллик йиғимини ҳамда Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Илгари бундай нормалар мавжуд эмас эди.
Ш.Маматуропова, ЎзА