Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

– Сўнгги йилларда бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинди, – дейди фракция аъзоси Зафар Худойбердиев. – Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 148-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилгани ҳам бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада кучайтиришга ундайди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Бюджет кодексига бюджет маблағларини ва давлат мақсадли фондларини тақсимловчилар фаолиятида ички аудитни тартибга солишни, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги ахборотни жойлаштиришни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг номини қонунчиликка мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши молиявий назорат ва ички аудит хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга ҳамда бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди. Лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан кўплаб саволлар ўртага ташланди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.

Шунингдек, йиғилишда «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА