Нукусда 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Пластик ифлосланишга қарши курашинг!” шиори остида акция ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳар йили ушбу сана муносабати билан турли тадбирлар, кўрик-танловлар, боғ яратиш, ободонлаштириш акциялари ўтказилиши таъкидланди.
Шунингдек, Нукус шаҳридаги “Истиқлол” болалар дам олиш марказида Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда табиатни муҳофаза қилиш бўйича энг яхши лойиҳалар тақдимоти, болалар иштирокида янг яхши расмлар танлови, шунингдек, атроф-муҳит тозалигини сақлаш бўйича ёшлар иштирокида акция ўтказилди. Тадбир иштирокчилари ҳайвонот боғи ҳамда болалар кутубхонасидаги шароитлар билан танишди.
Акция ва танловларда фаол иштирок этганлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган тадбирлар жойларда давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ