Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Пак Чинга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Фахрий доктори унвони берилди.
Шу муносабат билан университетда тантанали маросим ташкил этилди.
– Биз мустақил Ўзбекистонни доимий қўллаб қувватлаётгани, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлиги остида мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда кўрсатаётган амалий ёрдами учун Корея Республикасидан миннатдормиз, – дейди Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ректори Содиқ Сафоев.
Содиқ Сафоев Жанубий Корея ташқи сиёсий идораси раҳбарига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Фахрий доктор унвони унинг Ўзбекистон-Жанубий Корея ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш, фан ва таълим соҳларидаги яқин самарали алоқаларни ўрнатишга қўшган улкан ҳиссаси учун берилганини қайд этди.
Корея Республикаси ташқи ишлар вазири унвон учун миннатдорчилик билдириб, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, олий таълим соҳасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйишда янада кўпроқ ишларни амалга оширишга ваъда берди.
– Биз Евроосиёнинг турли қисмларида жойлашган бўсакда, қадриятларимиз бир хил, – дейди вазир. – Тинчлик йўлида бирга ишлар эканмиз, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун бор имкониятларимни ишга соламан.
Юқори мансабдор шахслар иштирокида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги дипломатия академияси ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Корея миллий дипломатия академияси ўртасида ўзаро англашув Меморандумининг имзоланиши кадрлар тайёрлаш соҳасида алоқаларни ўрнатиш бўйича навбатдаги амалий қадамлардан бири бўлди.
Шу куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Жанубий Корея ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация вакиллари иштирокида “Корея ярим оролидаги вазият ҳамда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ҳам ташкил этилди.
Вазир Пак Чин, тадбир иштирокчиларини ўзбек тилида табриклаб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига таклиф этилгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш имконияти учун миннатдорчилик билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстлик муносбатларини янада мустаҳкамлаш, стратегик шерикчилик, кенг кўламли ҳамкорликни, айниқса савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳаларда ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
– “Халқ дипломатияси” орқали икки томонлама сиёсий мулоқот, парламентлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш мамлакатларимиз фаровонлигига хизмат қилиш билан бирга, минтақаларимизда тинчлик ва хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлади, – дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ректори Содиқ Сафоев.
Тадбирда давлатларимизнинг халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ ва Жаҳон Савдо ташкилоти доирасида бир-бирини қўллаб қувватлаши муҳимлиги қайд этилди, халқаро ва минтақавий кун тартибдаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Б. Ҳасанов, ЎзА.