Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларига сафари доирасида душанба куни Ўзбекистонга келди. Ушбу хабарни тасдиқлаган Қатар ишбилармонлар ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Шайх Файсал бин Қосим Ол Соний Қатар ахборот агентлиги (QNA)га қуйидагича баёнот берди:
– Қатар давлати энергия манбаларига йўналтирилган даромад манбаларини диверсификация қилиш ва кенгайтириш стратегияси доирасида дунё мамлакатлари билан иқтисодий алоқа кўприкларини қуришдан манфаатдор. Шу боис ўтган йиллар давомида Марказий Осиё давлатлари билан муносабатни янада яхшилаш устида иш олиб борди. Зеро, бу мамлакатларда барча томонлар учун салмоқли фойда келтирадиган имкониятлар мавжуд.
Шайх Файсал бин Қосим Ол Соний ўз навбатида шундай деди:
– Жаноби Олийлари Амирнинг Ўзбекистонга ташрифи муҳим аҳамиятга эга, чунки бу мамлакат табиий ресурсларга, хусусан, табиий газга бой бўлиб, Қатар компаниялари учун айни муддао. Ўзаро шериклик энергетика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, банк иши, ҳалол саноат ва бошқа соҳаларни қамраб олади. Умуман, Ўзбекистондаги ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётга оид қонунлар мунтазам такомиллаштирилаётгани инвестиция жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон 300 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга бозорнинг муҳим дарвозаси ҳисобланади. Ўзига хос географик жойлашуви туфайли биз Марказий Осиё билан савдо-иқтисодий алоқани ривожлантиришдан манфаатдормиз.
Қатар ишбилармонлари ассоциацияси директорлар кенгаши раиси икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида мулоқотга оид мавжуд имкониятларни аниқлашга кўмаклашувчи, Қатар ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятини кенгайтирувчи қўшма ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА