Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ривожланган давлатларнинг тажрибалари ўрганилмоқда. Жумладан, Хитой тажрибаси илгари сурган усуллар минтақамиз ва менталитетимизга мос келгани боис уни мамлакатимизда жорий этишга киришилмоқда.
Ана шулар хусусида ЎзА мухбири Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари, иқтисодиёт фанлари номзоди Муҳсинжон Холмуҳамедов билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибаси илгари сурилган эди, бу қандай натижа беради?
– Дарҳақиқат, Хитойнинг камбағалликни қисқартириш бўйича тажрибаси дунёда эътироф этилган. Яъни улар охирги 40 йилда 800 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқаришга мувофиқ бўлишган. Биламизки, Хитойда 2+3 кафолатлар тизими асосида одамларга муносиб турмуш тарзи, қашшоқликдан чиқариш тизими яратилган.
Камбағаллик авлоддан-авлодга ўтиб борадиган ҳодиса бўлиб, бунда энг катта ва ҳал қилувчи куч давлат ҳисобланади. Хитой таълим тизимига, сифатли соғлиқни сақлаш тизимига ва арзон уй-жой масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Шунинг учун бу мамлакатда 5 кафолатга эга бўлган шахс нафақат ўзи, балки авлодини ҳам камбағалликдан чиқариши учун асос шакллантирган. Бу тажрибани Ўзбекистон миқёсида қўллаш бўйича тизимли ишлар, меъёрий ҳужжатлар, йўл хариталари стратегиялар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, камбағал қатламга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратилмоқда.
– Субсидия, имтиёзли кредитлар билан аҳолини камбағалликдан чиқариш мумкинми?
– Дунёдаги камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган кўплаб тадқиқот ва тажрибалар шуни кўрсатадики, субсидия, имтиёзли кредитлар билан аҳолини камбағалликдан чиқариш мумкин. Масалан, ҳудудларда фуқароларимизга сифатли таълим бериш, замонавий меҳнат бозорига керак бўлган соҳаларга, касб-ҳунарларга ўргатиш ва уларнинг мустақил фаолиятини бошлаши, даромад олиш учун субсидия, имтиёзли кредитлар бериш дастурлари амалга оширилмоқда.
Тўғри, бу ҳамма жойда 100 фоиз ўзини оқламагандир. Лекин одамларда фаол руҳият, тадбиркорликка бўлган шижоатни кўрсатиш, яъни ўзининг имкониятларини тўла намоён қилиш учун шароит яратилди.
– Мамлакатимизда қайси мезонлар асосида камбағаллик белгиланади?
– Камбағалликни ўлчаш масаласи жуда муҳим. 2021 йилгача Ўзбекистонда камбағаллик чегараси ҳеч қачон ҳисоблаб чиқилмаган. Камбағаллик чегараси бутун дунёда ҳар хил ўлчанади. Қаердадир нисбий, қаердадир абсолют кўрсатгичлар. Ўзбекистонда биринчи марта аҳолини истеъмолдаги хусусиятлари борасида сўровномалар, тадқиқотлар ўтказилди. Яхши калорияли овқат ейиш, тиббий хизмат олиш ва бошқа хизматларга бўлган эҳтиёжларни ҳисоблаб чиқиб, минимал истеъмол харажатлари деган тушунча ва методология ишлаб чиқилди. Ана шулардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда камбағаллик даражаси 14,1 фоиз ташкил этади.
Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган “Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этиш” II Халқаро форумида ҳам кўплаб хорижлик экспертларнинг фикри билан танишдик. Қувонарлиси, экспертлар бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш бўйича бой тажрибаси ва ютуқлари эътироф этилди.
Камбағалликни қисқартиришда энг биринчи масала — инсонларнинг психологиясини ўзгартиришдир. Яъни, одамларда берилаётган эркинликлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўпроқ фойдаланиш истаги бўлиши керак. Таълим, тадбиркорлик ёки бошқа соҳаларми, энг аввало, мустаҳкам ғоя ва ишонч муҳим.
Камбағалликни қисқартириш мақсадида аҳолига имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Бугунги кунда кўпчилик фуқароларни ўйлантираётган масала — кредит фоиз ставкаларининг юқорилиги ва миллий валютанинг қадрсизланиши. Бу камбағаллик даражасини оширмайдими?
– Афсуски, бу бўйича универсал тавсия йўқ. Бутун дунё 2020-2021 йилларда глобал пандемияга дуч келди. Жуда кўп чегаралар ёпилди. Яъни товарлар айланишига чеклов қўйилгани, кўплаб маҳсулотлар танқислиги юзага келди.
Ҳозир ҳам дунё бўйича озиқ-овқат етишмовчилиги ва инфляция ошиб кетяпти. Бундан ташқари, энергия манбаларининг нархи ўсмоқда. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда бўлаётган ҳодиса. Бунинг яна бир омили ривожланган давлатлар ўзининг аҳолисига пул маблағларини печать қилиб босмадан чиқариб берди. Яъни унинг манбаси йўқ. Манбаси бўлмаган пул эса инфляцияни келтириб чиқаради. Пул массаси кам, товарлар кўп бўлгандан кейин қаерда бўлмасин, дефектини кўрсатади.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда инфляциянинг олдини олиш борасида ҳам муҳим ишлар амалга ошириляпти. 2024 йилга бориб, инфляция даражасини 5 фоизгача тушириш мақсад қилинган. Мана, бу йил инфляция даражаси 2 чоракда кескин тушди. Ҳозир инфляция даражаси 2,5 фоизга туширилмоқда. Йиллик сурати эса 10 фоиздан оширилмаслиги тўғрисида барча чора-тадбирлар белгиланган.
Молиявий эҳтиёжлар ва ресурслар ўзининг қийматига эга. Яъни бир сўм пул эртага қўшимча фойда олиб келиши лозим. Афсуски, молиявий жиҳатдан халқаро майдонда ресурсларнинг танқисчилиги нуқтаи назардан банкларимизнинг фоиз ставкалари жуда юқори. Лекин бу чеклов бўлиши керак эмас. Молиявий маблағлар топилади. Одам ўз харажатларини қисқартириб ҳам пул жамғариши, кўпайтириш бўйича тажриба тўплаши мумкин. Бу бўйича универсал тавсия йўқ. Аммо ҳаракат қилинмаса, натижа бўлмайди.
Жаҳон банкининг 2023-йилда кутилаётган прогнозларига кўра, дунёда 28 млн.дан 40 млн. нафаргача одам камбағаллик тузоғига тушади. Бу — камбағалликнинг долзарблиги ҳали ҳам пасайгани йўқ, дегани. Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолатни ўрганадиган бўлсак, 2022 йилнинг ўзида 1 млн. одам камбағалликдан чиқарилди. Бу мамлакатимизнинг маҳалла кесимида олиб бораётган сиёсати самарадорлигидан далолат.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА