Қатар Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим Қатар ахборот агентлиги (QNA)га берган интервьюсида мамлакат Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг мамлакатимизга ташрифи икки томонлама муносабатни, айниқса, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим имконият эканини тасдиқлади.
Дипломат шу кунларда томонлар қатор ҳужжатлар, жумладан, божхона соҳасида ҳамкорлик, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, Қатарда Ўзбекистон ишчи кучидан фойдаланиш тўғрисидаги битимларни кучга киритиши, ўзаро инвестицияни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, дипломатик паспорт эгаларини визадан озод қилиш бўйича келишувга эришиши кутилаётганини таъкидлади.
Савдо айирбошлашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
– Яқин келажакда тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилишини интиқлик билан кутяпмиз, бу икки мамлакат иқтисодиёти ва туризмини қўллаб-қувватлайди, – дея қўшимча қилди Элчи. – Шунингдек, ишбилармонларнинг ўзаро ташрифлари ва учрашувларини ташкил қилиш, ҳар икки томонда мавжуд сармоявий имконият, бизнес салоҳиятини ўрганиш, ҳукуматлар томонидан тақдим этилаётган кўплаб имтиёз, қулайликлардан фойдаланиш назарда тутилган.
Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим юртимизда Қатар билан «Nebras Energy», «Барзан» компаниялари иштирокида инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани, Қатар бозорида эса қўшма капитал билан олтита ўзбек корхонаси фаолият юритаётганини урғулади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА